Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида сувда дам олиш ва пляж туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимлигининг 2021—2025 йилларда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда Тўдакўл кўлида рекреацион кўллар ҳудудини ташкил этиш таклифига розилик берилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари:
- рекреацион кўллар ҳудуди чегараларини белгилайди ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;
- 2021 йил 1 октябрга қадар лойиҳа институтларини жалб этган ҳолда рекреацион кўллар ҳудудини батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгиланган тартибда тасдиқлайди;
- Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилгандан сўнг рекреацион кўллар ҳудуди ва улар атрофида йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш манзилли дастурини ишлаб чиқади ва 2022—2024 йилларда инвестиция дастурига босқичма-босқич киритилишини таъминлайди.
Белгиланишича:
- рекреацион кўллар ҳудудига кирувчи туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкаларини тадбиркорларга бериш, уларда қурилиш ва барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан мажбурий тартибда келишилади;
- рекреацион кўллар ҳудуди ва улар атрофида йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш манзилли дастурига киритиладиган тадбирлар тегишлигича республика бюджети маблағлари, президентнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 9-бандига мувофиқ ажратилган маблағлар ҳамда Навоий ва Жиззах вилоятлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади;
- рекреацион кўллар ҳудудига кириш нуқтасида тегишлигича Навоий ва Жиззах вилоятлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ахборот маркази ва замонавий автотураргоҳ ташкил этилади;
- ахборот маркази ва автотураргоҳ фаолиятидан келиб тушадиган маблағлар 100 фоизи дирекция махсус ҳисобварағига йўналтирилади ва биринчи навбатда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган махсус маблағлар қоплаб берилади.















