Бугунги глобаллашув даври ҳар бир миллатдан она тилини асраб-авайлаш, унинг ўрни ва мавқейини оширишни тақозо этяпти. Зотан, ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳи, аввало, она тилига бўлган эътибор-у эъзоздан бошланади.

Хўш, бугунги кунда ўзбек тилининг ўрни ва мавқейини мустаҳкамлай оляпмизми? Унинг бой имконияти ва салоҳиятидан тўлиқ фойдаланяпмизми? Унинг чинакам жозибасини юзага чиқара оляпмизми?

Токи айрим давлат ташкилотларида ҳали-ҳамон рус тилида иш юритилар, қонунлар рус тилида ишлаб чиқилиб ўзбекчага таржима қилинар экан, ўзбек тили мавқейи ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ҳатто, рус тилида иш юритиш ҳукмрон ташкилотларда бу тилни билмаган кадрлар ишга қабул қилинмайди.

Шунингдек, баъзи ташкилотларда ўзбек тилида жуда қўпол хатолар билан иш юритиш ҳолатлари кузатилади, иш ҳужжатларининг имловий ва услубий хатоларига эса қараб ҳам бўлмайди.

Бундан ташқари, кўча-куйда рус, инглиз ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, ҳаволалар, эълон ва шиорларга кўзимиз тушади. Хизмат кўрсатиш объектлари пештахталари ҳам аксарият ҳолатда русча ёки инглизча номланган бўлади. Уларни ўзбекчалаштиришга ким ёки нима халақит беради?

Ўзбекча википедия мақолалари ғариб аҳволда

Яна бир муҳим масала, бугунги кунда ўзбек тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурлари, онлайн дарсликлар, электрон луғатларини яратиш замон талаби.

Шуни тан олиб айтиш керакки, ўзбек тилидаги веб-ресурслар сони ва сифатини юқори, деб бўлмайди. Интернетда ўзбек тилида айрим керакли тушунчалар изланса тайинли маълумот чиқмайди. Лекин инглиз, рус ва бошқа тилларда излаб кўрсангиз, маълумотлар ипга терилган маржон мисоли чиқиб келаверади.

Инглиз, рус ва бошқа тилларда ҳар қандай нарсанинг википедияда тўлиқ маълумоти жойлаштирилган. Қолаверса, уларда маълумотлар тез-тез янгилаб турилади. Мисол учун, бир хорижлик футболчи ўз клубини тарк этиб, бошқа жамоага ўтди дейлик. Инглизча, русча википедияда ана шу маълумот дарҳол янгилаб қўйилади. Буни кўриб, улар қандай қилиб бундай тезкорликка эришаркан, деб ўйлаб қоласиз. Бизда-чи?

Футболчи ҳақидаги маълумот тугул ундан ҳам зарур янгилик ва воқеликларнинг википедия маълумотлари яратилмаган. Мавжудларининг ҳам маълумотлари ва ҳажми ниҳоятда ғариб аҳволда. Кўпи эскириб бўлган, узоқ муддат янгиланмаган ҳам.