Norma’нинг ёзишича, баҳолашнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

  • давлат ташкилотлари ходимларининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлардан хабардорлиги даражасини аниқлаш ва бу борадаги билимларини мунтазам ошириб бориш;
  • давлат ташкилотлари ходимлари томонидан ўз фаолиятида фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;
  • давлат ташкилотлари ходимлари томонидан ноқонуний қарорлар қабул қилиниши, шунингдек ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш;
  • давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлик даражасини баҳолаш орқали унинг натижаларини доимий равишда мониторинг қилиб бориш.

Низомга мувофиқ, давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлик даражаси белгиланган минимал талаблар асосида баҳоланади.

Давлат ташкилотлари ходимлари Давлат хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизимидаги «Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули» махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда мустақил равишда ўқитилади ва тест синовларидан ўтказилади.

Адлия вазирлигига 2021 йил 1 майга қадар ўқув машғулотларини ташкил этиш учун зарур ўқув дастури, материаллар ва тест синовлари базасини шакллантириш ҳамда электрон платформага жойлаштириш учун президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этиш топширилди.

Давлат ташкилотлари ходимларини баҳолаш ҳар 3 йилда бир марта Адлия вазирлиги томонидан тегишли давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида ташкил этилади. Давлат ташкилотлари раҳбарлари ўз ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини таъминлаш учун шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.

Давлат ташкилотларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган, иш стажига эга бўлмаган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ой ўтгач тегишли тартибда баҳолашдан ўтказилади.

Ҳар бир ходим томонидан 40та тест саволи бажарилади. Бунда баҳолашдан муваффақиятли ўтган давлат ташкилотлари ходимлари шахсий кабинетига электрон тарзда QR-код орқали тасдиқланган баҳолаш натижалари чиқиши билан дарҳол юборилади.

Устав капиталида давлат улуши миқдори 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга шартнома асосида ўз ходимлари ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича ўқитиш ва баҳолаш тавсия этилади.

Адлия вазирлиги баҳолаш натижаларини доимий равишда мониторинг ва таҳлил қилади. Юқори натижа қайд этган давлат ташкилотлари ижобий тажрибалари бошқа давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.

Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига ва президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига баҳолаш натижалари бўйича таҳлилий маълумот киритилади.