Хабарингиз бўлса керак, 2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳага мувофиқ, келаси ўқув йили учун нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрлари 56 нафар этиб белгиланиши ва уларнинг ОТМ ва ташкилотлар бўйича кесими 5-иловага мувофиқ тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасининг 5-иловаси сифатида тиркалган “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари”да Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети нодавлат таълим ташкилоти сифатида кўрсатилиб, вазирлик ва идоралар учун Молия ва иқтисод йўналишлари бўйича 6та давлат гранти ажратилиши белгиланган.

Аммо, масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, лойиҳада Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети нодавлат таълим ташкилоти сифатида талқин қилиниб, хатога йўл қўйилган. Боиси, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Университет проректори Низом Қодиров Human.uz сайтига берган интервьюсида шу ҳақида гапириб, жумладан, сайт мухбирининг саволларига қуйидагича жавоб берган:

“Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети 2002 йил 16 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилган. Ҳамкоримиз Лондон (Буюк Британия)даги Вестминстер университети, яъни уларнинг [ўқув] дастурларини университетда жорий этганмиз. Бу филиал эмас, Ўзбекистон давлат университети, статуси ҳақиқатан ҳам давлат университетидир”.

Шунингдек, Низом Қодиров бу университет очилиши учун давлат инвестиция киритгани, бино билан таъминлагани ва шу важдан давлат таълим муассасаси эканини айтади. 

Kun.uz вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети билан боғланиб, унинг устави (низоми) ва давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳномаларидан нусха сўради. Университетнинг юридик хизмати ходими ТХВУ ҳақиқатан ҳам давлат ташкилоти эканини, у нима сабабдан қарор лойиҳасига нодавлат ташкилот сифатида кириб қолганлиги сабаблари ўрганилаётганини ва бу бўйича тегишли ташкилотга ўз таклифларини юборишларини маълум қилди.