Бош прокуратура ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширишда хатланган мол-мулкни баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга мувофиқ, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш жараёнида реализация қилинадиган, шу жумладан давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулк баҳолаш объекти ҳисобланади.
Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни баҳолаш хусусияти Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан белгиланади.
Рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолашни ташкил этиш низом билан белгиланган тартибда давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади.
Давлат ижрочиси алоҳида мол-мулкнинг шартномавий нархини фақат алоҳида олинган мол-мулк қиймати базавий ҳисоблаш миқдори йигирма бараваридан, мол-мулк жами қиймати эса базавий ҳисоблаш миқдори юз бараваридан ошмаган тақдирдагина, баҳоловчи ташкилотни жалб этмаган ҳолда мустақил белгилаши мумкин, автомототранспорт воситалари бундан мустасно.
Қуйидаги мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилот жалб қилинади:
а) автомототранспорт воситалари;
б) машина ва ускуналар ҳамда ишлаб чиқариш линиялари;
в) кўчмас мулк;
г) корхона мулкий комплекси;
д) тижоратчи ташкилотлардаги улушлар (акциялардан ташқари);
е) ашёлар, мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар;
ж) фонд биржаси расмий листингига киритилмаган ва марказлаштирилган тартибда котировка қилинмаётган қимматли қоғозлар.
Фонд биржаси расмий листингига киритилган қимматли қоғозлар қиймати давлат ижрочиси томонидан ушбу қимматли қоғозлар бўйича фонд биржасига ёзма сўровнома юбориш орқали белгиланади.
Давлат ижрочиси мустақил белгилаши мумкин бўлган мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотни жалб қилиши мумкин.












