Жамият | 11:52 / 01.04.2021
1554
2 дақиқада ўқилади

Бундай тадқиқотлар биз учун диагноз ҳисобланади – ХТВ вакили PIRLS ва PISA ҳақида

Ўзбекистон PIRLS ва PISA тадқиқотларида биринчи сафар юқори натижага эриша олмаслиги мумкин. Бу ҳақда 31 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирлиги бошқарма боршлиғи Лазиз Хўжақулов маълум қилди.

«Шу каби тадқиқотлар орқали биз ўз ўрнимизни аниқлаб олишимиз, қаерда оқсаётганимизни билишимиз, келгуси стратегиямизни шакллантириб олишимиз мумкин бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талабга кўра, 2030 йилга қадар PISA бўйича энг илғор 30та давлат қаторидан жой олишимиз керак. Бу йил PIRLS халқаро тадқиқотида қатнашсак, кейинги йил PISA тадқиқотларида иштирок этамиз. Катта эҳтимол билан бир нарсани айтиш керакки, одатда биринчи марта қатнашаётган давлатлар юқори натижага эриша олмайди. Лекин бундай халқаро тадқиқотларга тайёрланишимиз керак», деди Лазиз Хўжақулов.

У халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш орқали таълим сифати оширилишини таъкидлаб ўтган. Ўзбекистон бу борада Финландиядан намуна олмоқда. Финландияда халқаро тадқиқотларга алоҳида тайёргарлик кўрилмаса-да, финнлар яхши натижаларни кўрсатиб келади. Бу эса таълим сифати юқори даражада эканидан далолат беради. Ўзбекистонда ҳам таълим сифати юқори даражага чиқарилсагина шундай даражага эришиш мумкин.

Бунинг учун таянч мактабларда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда семинар-тренинглар ташкил қилиняпти, Авлоний институтида «EStetsting» лойиҳаси, яъни саволларга жавоб бериш бўйича янги контент яратиляпти. Чунки PISA тадқиқотининг саволлари назарий саволлар эмас.

«Эртага биз болаларга ҳаётда қўллай оладиган билим бера оляпмизми, шуни аниқлашимиз керак. Қуруқ назарий билим эмас. Бундай тадқиқотлар биз учун диагноз ҳисобланади.

Балки биз биринчи катнашганимизда яхши натижаларга эришмасмиз. Лекин биз учун яхши дарс бўлади: қаерда нима қилиш кераклигини билиб оламиз, дунёқараши кенг, фикрлашдан қўрқмайдиган ёшларни тарбиялаш учун замонавий дастурларни ишлаб чиқамиз. Бу тадқиқотлар бизга шунинг учун муҳим», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, апрелда бўлиб ўтадиган PIRLS халқаро тадқиқотида Ўзбекистон илк марта иштирок этади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид