15:45 / 02.04.2021
13881

Ўзбекистон Саудия Арабистонига заъфарон экспорт қилиши мумкин

Саудия Арабистонининг Sunbula technologies Est. компанияси Ўзбекистондан заъфарон импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда. Жаҳон бозорида «қизил олтин» дея эътироф этилувчи заъфароннинг бир килограмми нархи пахта толасининг 1 килограмми ўртача баҳосидан навига қараб 200дан 3 минг бараваргача қиммат ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Sunbula technologies Est. компанияси раиси Убайдулла Сиддийқий билан учрашув ўтказди

«Дунё» хабарига кўра, Ўзбекистонда етиштирилган заъфарон намуналари компания раҳбарига тақдим этилган. Бу маҳсулот Саудия Арабистони озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари агентлиги (SFDA) томонидан текширилиши ва тегишли сифат сертификати олиниши маълум қилинган.

«Саудия вакиллари ҳозир заъфаронни Марокаш, Испания, Ҳиндистон, Афғонистон ва Покистон каби давлатлардан олиб келмоқда. Шу маънода Ўзбекистонда етиштирилиши бошланган заъфаронга қизиқишимиз катта. Умид қиламизки, ўзбек заъфарони сифат жиҳатидан рақобатбардош ва Саудия бозорида ўз ўрнига эга бўлади», — деб таъкидлаган компания раиси.

Убайдулла Сиддийқий Ўзбекистондан табиий асал ва тоғ ўсимлик гиёҳларидан тайёрланган маҳсулотларни ҳам импорт қилиш имкониятини ўрганмоқчилигини айтган. У Саудия Арабистонида шифобахш экологик тоза маҳсулотларга талаб юқори эканини қайд этиб ўтган.

Заъфароннинг инсон саломатлигига қандай фойдали жиҳатлари бор?

Заъфарон халқ табобатида кўплаб касалликларни даволаш учун ишлатиладиган энг қиммат зираворлардан ҳисобланади. Заъфарон дамламаси кўзни равшан қилиши, юрак ва нафас олиш аъзолари фаолиятини яхшилаши айтиб ўтилган. Уни онкологик касалликларнинг олдини олиш (ўсмага қарши таъсир кўрсатади ва саратон ҳужайралари ўсишига тўсқинлик қилади), қонни тозалаш, мия фаолиятини яхшилаш, бош оғриғи ва уйқусизликни қолдириш, кўриш қобилиятини тиклаш ва кўз тўр пардасини даволаш каби бир қанча фойдали функциялари учун қадрлашади.

Заъфаронни кўп миқдорда истеъмол қилиш салбий таъсирлар келтириб чиқариши мумкин. Ундан ортиқча фойдаланиш асабийлашиш, сезги аъзолари зўриқишига олиб келади. Шунинг учун кучли таъсир қилувчи бундай восита ҳомиладор аёлларга қатъиян тақиқланади.

Заъфароннинг 5 граммдан ортиғи заҳарли таъсир кўрсатади.

Жаҳон бозорида «қизил олтин»нинг нархи қанча?

«Зираворлар сардори» дея таърифланадиган заъфарон ҳосили октябрь ойи ўрталарида йиғиб олинади. Бир гектар плантациядан ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм ҳосил олиниши мумкин.

Маркетинг тадқиқотлари жараёнида жаҳон бозорида 1 килограмм заъфароннинг нархи 400—1000 долларни, 1 килограмм гулининг баҳоси эса 2,5—5 минг долларни ташкил қилиши аниқланган.

Баъзи манбаларга кўра, «қизил олтин» дея эътироф этилувчи заъфарон гулининг нархи навига қараб 1 килограмм учун 30 минг еврогача чиқиши мумкин. Сабаби маҳсулот етиштириш учун катта плантация керак бўлади ва гулларни териш ишларининг барчаси қўлда бажарилади. Заъфарон гуллари очилиши биланоқ терилиши керак. Гулдаги асосий қимматга эга хомашё унинг қизил тумшуқчаларидир.

Таққослаш учун, пахта толасининг ўртaча нархи бир килограмми учун 1,5—2 долларни ташкил этади.

Статистик маълумотларга кўра, 450 грамм заъфарон йиғиш учун 75 минг дона гул керак бўлар экан.

Заъфарон илк бор Юнонистон (Греция)да экиб парваришланган. Ҳозирда энг кўп Ҳиндистон, Эрон ва Испания, Грецияда экилади. Дунё бозорида Кашмири заъфарон энг яхшиси ва энг қиммати ҳисобланади.

Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбойжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби мамлакатларда етиштирилади.

Top