NTV нашрининг хабар беришича, Анқарада уларнинг мактуби ҳукуматнинг ишига аралашишга уриниш деб қабул қилинган. Анқара ушбу тергов доирасида далиллар йўқ қилиб юборилиши олдини олиш ва ушбу воқеага алоқадор бошқа гумонланувчиларни аниқлаш мақсадида 10 нафар собиқ адмирални ҳибсга олган. Яна 4 нафар гумонланувчининг кекса ёшини ҳисобга олиб, ҳибсга олмасликка қарор қилинган, бироқ уларга 3 кун ичида полицияга келиш тайинланган.

 Таъкидланишича, бош прокуратура ушбу мактубни ким тайёрлагани ва унга кимлар алоқадорлигини аниқламоқчи. 

Мактубни имзолаган собиқ адмираллар Истанбул канали қурилиши ва Монтрё конвенцияси муҳокамаси ва бунинг ортида халқаро келишувлар бекор қилиниши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

“Ушбу конвенция Туркияга ўзи истамаса урушаётган томонлардан бири тарафида урушга киришмаслик ҳуқуқини беради. Бу унга Иккинчи жаҳон урушида дахлсизликни сақлашга имкон берганди. Монтрё конвенцияси Қора денгиз давлатлари хавфсизлигини таъминловчи асосий ҳужжат ва Қора денгизни тинчлик денгизи қилувчи конвенциядир”, деб ёзишган истеъфодаги адмираллар мактубда. Шунингдек, улар Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған янги конституцияни ишлаб чиқиш ташаббусини билдираётгани ортида амалдаги конституцияни сақлаб қолиш кераклигини айтишган. 

Таъкидланишича, ҳибсга олинган адмираллар орасида Туркиянинг янги денгиз доктринаси - “Мовий ватан” асосчиларидан бири Жам Гюрдениз ҳам бор. Ушбу доктринага кўра, Туркияда катта кўламдаги денгиз ҳудудлари, жумладан баъзи грек ороллари сув ҳудудларига эгалик қилиш ҳуқуқи бор.

Бу орада Туркиянинг асосий мухолиф Халқ-республикаси партияси раҳбари ўринбосари Энгин Ўзкўч ва “Ватан” партияси етакчиси Муҳаррам Инже адмиралларнинг ҳибсга олинишини қоралаб чиқишди. “Монтрё мавзуси – адмираллар, денгизчилар мавзусидир. Агар улар бу мавзу бўйича баёнот бермаса, унда ким беради? Аё София масжиди имомими? Сўз эркинлиги ҳақида бонг урувчилар адмиралларни мамлакат манфаати борасида хавотир билдираётгани учун ҳибсга олиб, уларни давлат тўнтарувига уринишда айблашмоқда”, деб ёзган Инже твиттерда.

Туркиянинг Босфор ва Дарданелл бўғозларига эгалик қилиш ҳуқуқини тиклаган Монтрё конвенцияси 1936 йилда Қора денгиз бўғозлари режими бўйича анжуманда қабул қилинган. У икки бўғоз орқали ҳарбий кемалар ўтиши тартибини белгилайди. Конвенция бўғозлар орқали фақат савдо кемаларига эркин ўтиш ҳуқуқини беради. Бўғозлар орқали ҳарбий кемаларнинг ўтиши чекланган. Улар орқали тинч вақтда Қора денгиз бўйида жойлашган давлатлар исталган синфдаги ўз ҳарбий кемаларини олиб ўта олади. Бироқ бошқа давлатлар кемаларининг бўғозлар орқали ўтишида уларнинг синфи, тоннажи ва Қора денгизда қолиши бўйича чекловлар ўрнатилган.