Спорт | 17:11 / 06.04.2021
14382
18 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ анонси. «Ливерпуль» «Реал»дан реванш оладими, Ҳоланд «Сити»га ҳам гол урадими?

Бугун, 6 апрелдан 7 апрелга ўтар кечаси Чемпионлар лигасида чорак финал баҳслари бошланади. Ярим финал йўлланмаси учун «Реал» – «Ливерпуль» ҳамда «Манчестер Сити» – «Боруссия» Д жамоалари илк учрашувларни ўтказишади. Ўйинлар Тошкент вақти билан соат 00:00да старт олади.

Фото: Aitor Alcalde/Getty Images

«Реал» – «Ливерпуль»

Тарих
«Реал» ва «Ливерпуль» Европа Чемпионлар Лигасининг энг муваффақиятли уч клубидан иккитасидир. Мадридликлар ушбу совринни 13 марта қўлга киритган бўлишса, «Ливерпуль» бу рейтингда «Милан»дан кейин учинчи ўринда бормоқда – 6та соврин.

Бу рақиблар ушбу турнирда жами бўлиб олти марта тўқнаш келишган. Дастлаб, 1982 йил ЕЧЛ финалида «Ливерпуль» «Реал»ни мағлуб этиб (1:0), кубокка эга чиқади. 2009 йилда эса 1/8 финалда «Ливерпуль» ҳар икки ўйинда «Реал»ни мағлуб (1:0, 4:0) этиб, кейинги босқичга чиққанди. Кейин жамоалар ЕЧЛнинг 2014/15 йилги мавсумида бир гуруҳда иштирок этишган. «Реал» Ливерпулдаги ўйинда 3:0 ҳисобида, Мадридда эса 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Рожерс ўшанда Мадриддаги ўйинда иккинчи таркибни туширган, жамоани бир муддатлик танаффусдан кейин Чемпионлар Лигасига қайтарган мураббий Мадридда ғалабага ишонмагани учун роса танқидларга учраган эди. Хуллас, ўша гуруҳ босқичида «Реал» юз фоизлик натижа қайд этган, «Ливерпуль» учинчи ўринда қолганди.

Олтинчи учрашув 2018 йилдаги ЕЧЛ финалига тўғри келади. Бу ўйиннинг биринчи қисмидаёқ Рамос билан тўқнашув туфайли, етакчиси Салоҳни йўқотган инглизлар тажрибали «Реал»га етарлича қаршилик кўрсата олмаган ва 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Жордан Ҳендерсон. Фото Reuters

Аммо кейинги мавсумда «Ливерпуль» яна финалга чиқди ва бу сафар «Тоттенҳэм»ни 2:0 ҳисобида енгиб, совринни боши узра кўтарди.

2018 йилги финалда иштирок этган футболчилар деярли ҳозир ҳам айни либосда ҳаракат қилмоқда. Мадридликлар таркибини Кейлор Навас, Криштиану Роналду ва ўша ўйинда дубл қайд этган Гарет Бэйл (ижарада), «Ливерпуль» сафини Ловрен, Эмре Жан, Лаллана ҳамда дарвозабон Кариус (ижарада) тарк этган.

Жамоалар ҳолати
Мавсумнинг айрим паллаларида жуда ёмон ўйин ёки натижалар кўрсатиб келган «Реал» ҳам, «Ливерпуль» ҳам сўнгги пайтларда ўз ўйинини топиб олди ва миллий чемпионатларда ҳам курашга қўшилди. «Атлетико»нинг ўйини пасайишидан фойдаланган Зидан шогирдлари пешқадамга яқинлашиб, қаторасига иккинчи чемпионлик учун курашмоқда. «Ливерпуль» эса АПЛ чемпионлигидан умид узган, Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун биратўла 6 жамоа билан рақобат қилади. Икки ғалабадан сўнг, «Ливерпуль»нинг 4-ўриндаги жамоа билан фарқи 3 очкогача қисқарди.

«Реал» эса барча мусобақаларда 11 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмаяпти. Фақат «Атлетико» ва «Сосьедад»га қарши ўйинларда дуранг қайд этилган, холос.

Ожиз нуқталар
Ҳар икки жамоа мавсум давомида ўхшаш муаммоларни ечишга ҳаракат қилиб келди. «Ливерпуль»да Виржийл ван Дейк октябрдан бери майдондан ташқарисида бўлса, кичик жароҳатлар ва дисквалификациялар туфайли Серхио Рамос Ла Лиганинг ярмидан кўп ўйинларида қатнаша олмади. Бу футболчиларнинг ҳимоядаги ўрнини тўлдириш баъзида уддасидан чиқилди ҳам, лекин Рамос ва Виржийл шунчаки етакчи ҳимоячи бўлибгина қолмасдан, бутунлай ўйинга ўз таъсирини ўтказадиган сардор ҳамдир.

Зидан Рамоснинг ролини Начога топширди. Шунчаки марказий ҳимоядаги позицияни эмас – айнан ролини. Начо Рамос каби агрессив тарзда ўйнайди, Варан ва Каземиро эса, унинг ҳаракатларини суғурталаб туришади. Ҳимояланиш тизими сақланиб қолинди. Зиданнинг ишончи ва индивидуал тактик машғулотлар ёрдамида Начо ҳақиқатан ҳам Рамосга айланди, мавсум бошида унинг Варан билан боғламида муаммолар кўринган бўлса-да, ҳозирда, француз ҳам эски даражасига қайтмоқда.

Оптимал ечимни топиш Клопп учун оғирроқ кечди. Виржийлдан ташқари, яна бир неча марказий ҳимоячи жароҳат олиши ишни мураккаблаштирди – ички ресурслар, ярим ҳимоядаги вариантлар, ҳатто трансферлар ҳам якуний жавобни бера қолмади. Ниҳоят, ҳимоядаги ишонч Филлипс – Кабак жуфтлигида қайтгандек кўриняпти. Бундан ташқари, Фабиньонинг таянч яримҳимоясига қайтгани ҳимоянинг мустаҳкамланишида асосий омил сифатида қараляпти. «Ливерпуль» уч ўйиндан бери дарвозасини дахлсиз сақламоқда ва шу пайтгача Фабиньонинг марказий ҳимоячига айлантирилгани у қадар тўғри бўлмаганини кўрсатди. Фабиньо сўнгги чизиқда анча эҳтиёткор футболчига айланади ва бу биз билган Фабиньодан анча узоқ футболчига айланади. Яримҳимояда унда яна курашувчанлик ва креативлик қайта бошладики, бу бутун жамоа ўйинига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Зидан ҳам, Клопп ҳам вазиятдан чиқиб кета олишди ва ишлайдиган механизмни яратиб олишди, аммо алоҳида топ-учрашувда ҳар икки жамоа учун хавф бор. Барибир, Рамос ва ван Дейк каби фигуралар айнан топ-ўйинларда қаҳрамон бўла олишар, деярли хато қилишмас эди. Бу босим остида Начо ҳам, масалан, Филлипс ёки Кабак ҳам, ҳали «сўйилмаган қовун», яъни ҳар икки томондан ҳам ҳал қилувчи индивидуал хатолар кузатилиши мумкин. «Реал» ва «Ливерпуль»нинг спорт формаси ҳозирда рақибни ҳар томонлама мағлуб этишдан кўра, хатолар учун жазолашга яқинроқ. Бу албатта қизиқ бўлади.

Ўйин олдидан:

Зинедин Зидан: «Биз учун бу ўйин финал. Олдинда 180 дақиқа бор, лекин ҳозир фақат кутилаётган ўйин ҳақида ўйламаяпмиз. Уёғи бир гап бўлар.

Клопп – тажрибали ва ажойиб мураббий. Ҳозирдан унинг мураббийлик фаолиятига юқори баҳо бериш мумкин. «Ливерпуль» таркибида жароҳатланганларнинг ўрнини босадиган кучли футболчилар кўп. Айниқса, олдинги чизиқдаги учлик кўп муаммолар туғдиришга қодир. Жамоавий ўйин кўрсатишда уларнинг бутун таркиби жуда кучли. Йўқотишлар бизда ҳам бор, аммо «Реал» доим кучли бўлиб қолиши керак».

Юрген Клопп: Биз ҳар томонлама тайёрмиз ва кейинги босқичга чиқмоқчимиз. Бу тўқнашувнинг 2018 йилдаги финал билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ. Тўғри, ўша пайтларда Серхио Рамосни, масалан, туғилган кунимга таклиф этмаган бўлардим, аммо бунга анча бўлди. Хафагарчилик эсдан чиқди. Ҳеч қандай қасос ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, биз шунчаки, кейинги босқичга чиқиш учун ғалаба қозонишимиз керак.

Ташқарида «Реал»ни фаворит дейишяпти экан. Бу зўр! Биз фаворит эмас, даъвогар мақомида ҳам ўзимизни жуда яхши ҳис қила оламиз. Аввало, ўз мухлисларимизга биз ҳали ҳам курашда эканимизни кўрсатишимиз лозим. Чемпионатда бир неча жамоаларни таъқиб қиляпмиз, Чемпионлар Лигасида «Реал» билан курашамиз. Келинг, бир ҳаракат қилиб кўрайлик».

Таркиблар

Мезбонлар таркибида Рамос ва Дани Карвахал жароҳатлар туфайли заявкадан четда қолишди. Бугун Варан коронавирусга чалингани маълум бўлди ва у Мадридда ҳам, жавоб ўйинида ҳам майдонга туша олмайди. Шунингдек, Эден Азар умумий гуруҳда машғулотларни бошлаган бўлса-да, Зидан таваккал қилишни истамади ва уни ҳам «Ливерпуль»га қарши ўйнатмасликка қарор қилди. Балки, жавоб ўйинида Азар тайёр ҳолатда бўлар, зеро АПЛда ўйнаган вақтларида у «Ливерпуль» учун энг хавфли футболчилардан бири ҳисобланган – 18 ўйинда «қизиллар» дарвозасига 7 гол уриб, икки марта голли тўп узатма муаллифига айланган.

«Ливерпуль»да узоқ муддатга сафдан чиққан маълум футболчилардан ташқари, йўқотишлар йўқ. Аммо асосий таркибда қандайдир сюрпризлар кузатилиши мумкин. Масалан, ўзига хос жокерга айланиб бораётган Жота ё позиция бўйича Фирмино, ёки яхши спорт формасида бўлмаган Маненинг ўрнида пайдо бўлиши мумкин. Ёки иккинчи рақамда ўйнашга мос бўлмаган Тияго Алкантара ўрнини Милнер эгаллаши эҳтимоли ҳам бор.

Тахминий таркиблар
«Реал»: Куртуа, Васкес, Милитао, Начо, Менди, Каземиро, Кроос, Модрич, Асенсио, Винисиус, Бензема;
«Ливерпуль»: Аллисон, Трент, Филлипс, Кабак, Робертсон, Фабиньо, Тьяго, Вейналдум, Салоҳ, Мане, Фирмино.

«Манчестер Сити» – «Боруссия» Дортмунд

Бу жуфтликда «Манчестер Сити» яққол фаворит сифатида кўрилмоқда. Аммо ўтган мавсумда Гвардиола жамоаси шу босқичда «Лион»га мағлуб бўлиб, турнирдан чиқиб кетганди.

«Боруссия»да Эрлинг Ҳоланд бор, аммо Пеп Гвардиола мавсум давомида шундай жамоани шакллантирдики, бу жамоани ўн йил олдинги «Барселона» билан таққослашмоқда.

Тарих
«Манчестер Сити» ва «Боруссия» Чемпионлар Лигасида илк марта 2012/13 йилги мавсумда рўбару келишган. Ўша пайтларда манчестерликлар узоқ танаффусдан сўнг, эндигина ЕЧЛда ўйнай бошлашган, шунинг учун доим «ўлим гуруҳи»дан жой олишарди. «Реал», «Боруссия», «Аякс» ва «Манчестер Сити» ўрин олган гуруҳни дортмундликлар пешқадам сифатида якунлашган бўлса, «шаҳарликлар» атиги уч дуранг билан сўнгги ўринни олишганди. Ўзаро ўйинлар Манчестерда дуранг, Германияда 1:0 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланган. Ўша мавсумда Клопп бошқарувида бўлган немислар финалгача етиб борган ва финалда Германиянинг бошқа бир клуби «Бавария»га ютқазганди.

Ўша ўйинларда тўп сурган футболчилардан Дортмундда Марко Ройс, Матс Ҳуммельс, Марсель Шмельцер, Лукаш Пишчек қолган. Ройс Манчестердаги биринчи учрашувда гол урганди. Иккинчи ўйиндаги голни Марио Гётце пенальтидан урган. Инглизлар жамоасида фақат Серхио Агуэро ўша ўйинлар иштирокчиси бўлган, холос.

Яна бир қаҳрамонлардан бири эса, Илкай Гундўған эди. У ўша мавсумда «Уэмбли»да ўтган финалда «Бавария» дарвозасига урилган жавоб голи муаллифи бўлганди. У ҳозирда «Манчестер Сити» аъзоси ҳисобланади ва собиқ жамоасига қарши тўп суради.

Ҳоланд муаммоми ёки имконият?

«Манчестер Сити» барқарорлик ва салоҳият борасида Европада балки фақат «Бавария» билан бир қаторда, энг яхши клуб бўлиб турибди. Тасаввур қилинг, Гвардиола АПЛнинг 31-турида «Лестер»га қарши ўйинда Сильва, Стерлинг, Фоден, Гундўған, Канселу каби асосий футболчиларсиз ўйнаб ҳам, деярли муаммосиз ғалаба қозонди (2:0). Захира имкониятлари кенглиги - «Сити»нинг энг кучли жиҳати.

«Боруссия» эса ЕЧЛ 1/8 финалида «Севилья» тўсиғидан ўтган бўлса-да, жамоа барқарор ўйин намойиш этмаяпти — Бундеслигадаги сўнгги ўн ўйинда дортмундликлар атиги тўрт ғалабага эришди, яна тўрт ўйинда мағлубият, қолган иккисида дуранг қайд этилди.

Аммо алоҳида ўйинларда манчестерликлар доим муаммоларга дуч келишлари ҳам бор гап, Чемпионлар Лигасидаги мағлубиятлар ҳам шундан. Агар «Сити» услуби учун ноқулайлик келтириб чиқарадиган жамоалар бўлса, улардан бири, албатта «Боруссия»дир. «Сити» бу мавсум давомида 21та ғалабали серия қайд этиб, март ойи бошида «Манчестер Юнайтед»га ютқазиб серияни тўхтатди (ундан кейин яна ғалабали серия бошланди). Қарангки, қарши ҳужум тезлиги, ўйин услуби борасида «қизил иблислар»  «Боруссия»га жуда яқиндир. Ҳатто олдинги чизиқдаги ижрочиларга эътибор қаратилса, «Дортмунд» бирмунча устунроқ ҳам кўринади.

«Ҳоланд ўзига хос тактик ролга эга. Биз уни тўлиқ ҳимоявий ҳаракатлардан, прессинг вазифасидан озод қилдик ва ҳар доим олдинги чизиқда очилиш учун куч йиғишга имкон бердик. Тўпни эгаллашимиз билан Эрлинг югуриши мумкин бўлган очиқ зоналарни қидирдик», – деб изоҳлаганди Эдин Терзич «Севилья»га қарши (3:2) ўйиндан кейин.

Бу қайсидир маънода Сульшер Рэшфордга берган ролни эслатиб юбормаяптими? «Боруссия»нинг бу қуроли юқори блокда ҳимояланадиган жамоаларга қарши иш беради албатта. Аммо тескари томони ҳам бор. Масалан, «Бавария»га қарши ўйинда ҳам Ҳоландга ўхшаш вазифалар топширилди – ҳужумчи бундан фойдаланиб, икки гол урди ҳам. Лекин рақиб ҳимояланишда бир киши кам бўлиб қолиши «Бавария» каби жамоаларга қўшимча қулайликлар ҳам яратади, мюнхенликлар 4 гол билан жавоб беришди.

Ҳоланд бу жуфликдаги интригалардан бири – ОАВда ушбу норвегиялик футболчининг номини «Манчестер Сити» билан ҳам боғлашмоқда. Аммо Гвардиола пандемия даврида қимматбаҳо футболчи сотиб ололмасликлари ҳақида ҳам айтиб ўтган. Ҳоланд бу ўйинда ҳам гол ура олиши — катта савол остида. «Сити» бу мавсумда жуда яхши ҳимояланмоқда. Чемпионлар лигасида «МС» атиги бир марта — гуруҳ босқичининг 1-турида «Порту»дан гол ўтказиб юборганди, жамоа турнирдаги кейинги 7 ўйинда - 706 дақиқа давомида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Демак, «Манчестер Сити» Ҳоланд муаммоси билан шуғулланиши баробарида, олдинги чизиқда бирмунча қулай зоналарга эга бўлиши мумкин. Муҳими, «Сити» вазиятларни кўкка совуришни кўпайтириб юбормаслиги талаб этилади. Бошқа тарафдан, Гвардиола муҳим ўйинларга аввалгидан бироз бошқача ёндашишни ҳам бошлади. Масалан, қарши ҳужумларда хавфли бўлган «Лестер» билан ўйинда Гвардиола анча эҳтиёткор тўп сурди ва ўз вазиятини кутишда сабрни ҳам намойиш эта олди.

Ўйин олдидан
Пеп Гвардиола
: «Балки ушбу мавсумда «Боруссия»да барқарорлик етишмаётгандир, аммо алоҳида ҳар бир ўйинчини олсак – фантастик. Ҳуммельс, Жан, Менье, Дауд... Ҳоланд, Санчо, Азар, Ройс, Брандт. Улар плей-оффларда жуда яхши ўйнайдиган «Севилья»ни чиқариб юборишди.

Мен рақибларни таҳлил қилаётганда турнир жадвалига қарамайман. Бу 0:0 ҳисоби билан бошланадиган алоҳида кураш. Икки ўйинда ким яхшироқ ўйнаса, кейинги босқичга йўл олади. Албатта, бизда ҳамма узоқроққа боришни исташмоқда. Лекин хоҳиш бошқа, буни майдонда ҳам амалга ошириш керак. Ушбу ўйинга мен худди аввалги, ундан олдинги, умуман, сўнгги тўрт ойдаги ҳар бир ўйинга қандай тайёрланган бўлсам, шундай тайёрландим».

Эдин Терзич: «Шанба кунги ўйиндан жуда хафаман. Бизга қаратилаётган танқидларда, албатта, жон бор. Аммо ҳаммасини салбий қабул қилиш керак эмас. Бизда етарлича даража бор ва буни яхши биламиз. Айнан ўша сифатни намойиш қилишимиз лозим.

«Сити» - бугунги кунда дунёнинг энг кучли жамоаси. Ҳар икки сафар ҳам биз энг яхши ўйинимизни кўрсатишга тўғри келади. Рақиб кўп вақт мобайнида тўпни назорат қилади, бунга тайёр туришга мажбурмиз. Улар бизни ҳимояга қамашга ҳаракат қилишади, табиийки, биз учун очиқ зоналар юзага келади. Тўпни эгаллаб олганимизда, керакли ишни қиламиз, бу паллада бизни ҳам тўхтатиб қолиш осон эмас».

Таркиблар
«Манчестер Сити» таркибини олдиндан топиш қийин, интрига ҳатто ҳимоя марказидан бошланади. Лапорт, Стоунз, Диаш учлиги навбати билан тандемда ўйнаб келишмоқда. «Лестер»га қарши ўйинда Канселу ва Зинченко дам олишганидан, бугун майдонга тушишларини тахмин қилиш мумкин. Лекин ўша ўйинда Менди ҳам ўзини яхши кўрсатди, тезкор қарши ҳужумларни инобатга олиб, Гвардиола Зинченкони яна захирада қолдириши ҳам мумкин. «Лестер» билан ўйинда Агуэро ҳам, Жезус ҳам асосий таркибда ҳаракат қилишди, демак, уларни асосий таркибда кутиш қийин. Сабаби, Бернарду Сильванинг сафга қайтиши Де Брюйненинг олдинги чизиққа ўтишини тақозо қилади. Бельгиялик футболчи айнан алдамчи тўққизлик позициясига ўтганида «Манчестер Сити» Сильва – Гундўған – Де Брюйне учлигидан оптимал фойдалана олади.

Терзичда ҳамкасби каби комфорт йўқ, у таркибдаги жароҳатланганлардан келиб чиқиб, майдонга тушадиганларни аниқлашга мажбур. Масалан, «Манчестер Сити» тарбияланувчиси Жейдон Санчо шу характердаги ўйинлар учун жуда мос бўларди, лекин ҳали тикланиб улгурмади.

 Тахминий таркиблар
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Канселу, Стоунз, Диаш, Зинченко, Родри, Гундўған, Бернарду, Де Брюйне, Стерлинг, Маҳрез;
«Боруссия» Д: Ҳитц, Жан, Аканжи, Ҳуммелс, Герейру, Дилэйни, Дауд, Биллингем, Азар, Ройс, Ҳоланд.

Қаҳрамон Асланов
Тайёрлаган Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид