Бугун, 9 апрел куни президент матбуот котиби Шерзод Асадов ва оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинг ўтказилди. Тадбирда давлат раҳбарининг бир ҳафта давомидаги фаолиятига оид маълумотлар ва келгуси режалар эълон қилинди.

Россия ва Жанубий Кореяга сафарга тайёргарлик
Бу ҳафта тадбирларга бой бўлди. Давлатимиз раҳбари хорижий делегацияларни қабул қилди, муҳим йиғилишлар ўтказди.
5 апрел куни Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан учрашув бўлиб ўтди.
Эрон – бизнинг анъанавий шеригимиз, катта иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат. Кейинги йилларда икки томонлама алоқалар фаоллашди. 2019 йилдан Эрон учун соддалаштирилган виза тизими жорий қилинди.
Учрашувда 2020 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо 250 миллион долларни ташкил этгани, қўшма корхоналар сони 3 баробар ортгани, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика каби соҳаларда умумий қиймати 61 миллион долларлик қатор янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Вазир Зариф 15-16 июл кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этишини тасдиқлади.
5 апрел куни президентимиз Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Тошкентда илк бор «Иннопром» йирик саноат ҳафталиги бўлиб ўтди. Ушбу кўргазмада мамлакатимиз корхоналари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар россиялик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди.
Жорий йилда эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб президентимизнинг Россияга расмий ташрифини ташкил этиш режалаштирилаётгани, бўлажак музокараларга томонлар пухта тайёргарлик кўраётгани қайд этилди.
6 апрел куни бўлиб ўтган Корея Республикаси парламентининг Миллий Ассамблея Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги делегация билан мулоқотда мамлакатларимиз кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда қатъий эканликлари таъкидланди.















