— Ўзингиз ҳақингизда, Римдаги университетга ўқишга киришингиз қандай рўй бергани ҳақида гапириб ўтсангиз.

— Оиламизда қизларнинг таълимига алоҳида эътибор қаратишган. Ота-онам – оддий ўқитувчилар, шунинг учунми ҳеч қачон таълимда чеклов бўлмаган. Лекин одатий ўзбек оилаларида бўлгани каби чет элда ўқишимга ота-онам қарши бўлишган. Сабаби бизда шундай умумий бир тушунча бор, ёшсан, қиз боласан, ундан кўра шу ерда ўқи ёки турмушга чиқ каби қараш кучли ўрнашган. 2009 йилда кўплаб обрўли университетларга: Emory University, Warwick, UCL каби топ университетлардан қабул ва scholarship хатлари келган эди. Лекин тақдир экан, Жиззах давлат педагогика институтида грант асосида ўқидим.

Университетни тугатганимдан сўнг инглиз тилидан ўқитувчилик қилдим. Кўплаб ўқувчиларим юқори IELTS балл олишди, олимпиадаларда қатнашди. Ўқитувчи ўзининг ўқувчиларига яхшигина мотивация бўла олади. Фаолиятим давомида кўплаб халқаро конференция, БМТ моделларида қатнашдим, ўзим ҳам ташкиллаштирдим. Умуман, хоҳ қиз ёки ўғил бўлсин, ҳаётда лидерлик ва нетворкингнинг ўрни катта.

2019 йилда Edu-Action компаниясида ишладим. Орада карантин бошланиб, сал бўш вақт бўлганига узоқ йиллик армоним хорижда ўқишга кетишга ҳаракат қилдим. Ота-онам бу сафар ишонч билдиришди ва мен тўлиқ грант асосида Италияда магистратурада таҳсил оляпман.

Бошида 20дан ортиқ университетлардан қабул хатлари келди. Лекин кўпчилик элчихоналар ёпиқ бўлгани ҳамда грант баҳонасида Италияни танладим. Римдаги Сапиенза университети – жудаям нуфузли олийгоҳ. Университетнинг юридик факултетида «Иқтисод ва ҳуқуқ» бўйича таълим олмоқдаман. Шу билан параллел айни пайтда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети «Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти» магистратурасини тамомлаш арафасидаман.

Оилада катта фарзанд яхши ўқиса, укаларига ҳам ўрнак бўла олишига ўзим мисолимда амин бўлганман. Оилада уч фарзанднинг тўнғичи бўлганим учун укам ва синглим ҳам изимдан эргашган, улар ҳам олий маълумотли, синглим Тошкентдаги Вебстер университети магистранти, укам эса корхона бош бошқарувчиси бўлиб ишлайди.

— Сиз ўрганаётган соҳанинг Ўзбекистон учун муҳимлиги қай даражада деб ўйлайсиз?

— Юқорида айтганимдек, айни пайтда «Иқтисод ва ҳуқуқ» соҳасида таълим оляпман. Лекин бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Мақсадим – инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиш. Бу соҳада Ўзбекистонда қилинадиган ишлар кўп. Бизда яхши қонунлар бор, лекин ижро анчагина суст. Бунақа шароитда инсон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди.