Жамият | 16:47 / 11.04.2021
18194
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёшлар ташкилотининг собиқ раҳбари вафот этди

10 апрел куни Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати Дилшода Дадажонова 72 ёшида вафот этди.

Дилшода Дадажонова 1949 йилда Андижон туманида хизматчи оиласида туғилган. 1971 йилда Кубан давлат университетининг сиёсатшунослик факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1971 йилда Поп туманидаги 7-мактабда ўқитувчи сифатида бошлаган. 1974–1983 йилларда туман партия қўмитаси йўриқчиликдан то вилоят ёшлар ташкилоти раҳбарлигигача бўлган йўлни босиб ўтган.

1983–1985 йилларда Москва ижтимоий фанлар академияси аспирантурасида таҳсил олди. 1985–1987 йилларда Ўзбекистон ёшлар ташкилотига раҳбарлик қилган.

1987–1998 йилларда Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатди. 1998–2011 йилларда Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

Дилшода Дадажонова вафотига қадар Поп тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган эди.

«Атоқли жамоат арбоби, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Дилшода Дадажонованинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», дейилади Наманган вилояти ҳокимлигининг таъзиясида.

Мавзуга оид