Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги мактабда ўқитувчи калтакланди. Маълум бўлишича, Қарши туманида яшовчи Шоҳнур Оққўзиев 100 километр масофада, Самарқанд вилояти билан чегарадош «Умакай» МФЙдаги 134-умумий ўрта таълим мактабида инглиз тилидан дарс беради.
Воқеа ушбу ўқитувчи 6 апрел куни 6-синфда дарс ўтиб, тайёрланиб келмаган ўқувчиларга паст баҳо қўйганидан кейин содир бўлган. Kun.uz мухбири шу ҳудудда бўлиб, ўқитувчи билан гаплашди.
«Тўғриси, ўқувчиларнинг ўқитувчидан хафа бўлишга ҳаққи йўқ. Билмайман, хафа қилгандирман укамизни. Икки баҳо қўйгандим, шунда ҳам журналга қўймагандим. Бундай хафа бўлади деб ўйламагандим.
Уйдагилари сал тергармикан деб ўйлагандим. Музаффарнинг ёнида ўтирадиган қизга 3 қўйгандим, Музаффар эса бу қизга 3, ўзига 2 қўйилганидан хафа бўлганини айтибди. Бунга сабаб қизча ногирон, ҳамма вақт ҳам дарсга келолмайди. Унга мотивация бўлармикан дегандим. Гап баҳодалигини билсам, 2 эмас 6 қўйиб берардим», дейди Шоҳнур Оққўзиев.

Ўқитувчи суҳбат давомида бирорта ўқувчига зўравонлик қилмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, дарсдан кейин ўша ўқувчи келиб, уни акаси чақираётганини айтган. У ташқарига чиққанида бир неча киши уни калтаклай бошлаган.
«Ҳозир аҳволим анча яхши бўлиб қолди. Бошим, оёғим ва белим озроқ оғрияпти, холос. Жанжалдан кейин қишлоқда қолишга юрагим бетламади. Яраштириш учун устозлар шифохонага келишди.
Лекин чекка-чекка ҳудудларга ўқитувчилар бориб ишлаяпти, улардан мажбурият талаб этилмоқда – ҳуқуқини ҳам ҳимоя қилиш керак. Зўравонларга қонуний чора кўрилишини сўрайман», дейди ўқитувчи.
У айни пайтда вилоят кўп тармоқли шифохонаси нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Шифохона бўлим бошлиғи Соатмурод Темиров беморнинг аҳволи ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.

«Оққўзиев Шоҳнур 1995 йилда туғилган. 7 апрел куни суд-тиббиёт экспертиза йўлланмаси билан келди. Келганида чап кўзининг атрофи шишган ва кўкарган ҳолатда эди. Ўзидан сўраганимизда ўқувчисига 2 баҳо қўйгани сабабли унинг ўртоқлари ёки ота-оналари урганини айтди.
Бемор аввалига ўзи яшайдиган Бешкент шифохонасига мурожаат қилган. У ерда нейрохирургия мутахассиси йўқ бўлган. Суд-тиббиёт экспертиза йўлланмаси орқали бизнинг кўп тармоқли марказий шифохонага ётқизилган.















