Жамият | 11:45 / 13.04.2021
1871
2 дақиқада ўқилади

15-17 апрел кунлари Ёшлар цирк санъати халқаро фестивали бўлиб ўтади

15-17 апрел кунлари Ўзбекистонда илк марта Ёшлар цирк санъати халқаро фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда 12 апрель куни Миллий матбуот марказида Ёшлар цирк санъати халқаро фестивалини ўтказишга бағишланган матбуот анжуманида Давлат цирки директори Рустам Мажидов маълум қилди.

Давлат цирки директори Рустам Мажидовнинг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ҳар икки йилда бир марта фестивал ўтказилиши белгиланган.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили доирасида Ёшлар цирк санъати халқаро фестивали 17 апрель - Халқаро цирк куни арафасида бошланади. Юртимизда илк марта ўтказилаётган мазкур фестиваль харажатлари бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ва ҳомийлар кўмаги билан қопланади», деди у.

Уч кун давом этадиган фестивалда Хитой, Қозоғистон ва Қирғизистондан меҳмонлар келиб, ўзбекистонлик иштирокчилар билан бирга аренага тушади. Россия Федерацияси ва Украина жамоалари эса онлайн тарзда намойишлар ўтказади.

Цирк директорининг ижод масалалари бўйича ўринбосари Рустам Хаметовнинг маълум қилишича, фестивал 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ўртасида, учта номинация бўйича ўтади:

  • Ижро маҳорати
  • Энг яхши саҳналаштириш
  • Ижро мураккаблиги.

Ҳар бир номинация бўйича иккита олтин, иккита кумуш ва учта бронза медаллари топширилиши кўзда тутилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид