Ўзбекистон | 12:44 / 13.04.2021
5463
2 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 47 туп дарахт кесиб ташланган - Экоқўмита

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими ходимлари томонидан жорий йил 12 апрел куни Қарши шаҳар, “Хонтепа” МФЙ, Лойиҳачилар кўчасидаги эски озиқ-овқат омбори ҳудудида ҳар хил турдаги кўп йиллик дарахтлар қурилиш объекти қуриш учун таг қисмидан кесиб кетилгани аниқланди. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилояти Экология бошқармасига асосан хабар беришича, юқоридаги ҳолат ўрганилганида, бу кесишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги “Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 1-иловаси бўлган давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти талабларига зид равишда қилингани маълум бўлди

Вилоят Экология бошқармаси ижобий хулосаси олинмасдан Қарши шаҳар ҳокимлигининг 2021 йил 25 январдаги 05/01-25-сонли дарахтларни кесиш учун берилган рухсатномаси асосида жами 47 туп ҳар хил турдаги ва диаметрдаги, хусусан, 26 туп виргин арчаси, 8 туп шумтол, 2 туп ўрик, 3 туп чинор, 1 туп қароли, 6 туп оқ тут дарахти таг қисмидан, 1 туп қайрағоч дарахти эса илдизи билан қўпориб ташланган.

Билдирилишича, бу дарахтлар республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторий амал қилиб турган бир пайтда кесилган.

Ноқонуний кесиб кетилган дарахтлар учун ўрнатилган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Табиатга, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 253 575 000 сўм деб белгиланиб, ҳужжатлар тегишли органларга тақдим қилинмоқда, дейилади маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил январ ойи ўрталарида Қарши шаҳрида 2 874 туп дарахт илдизи билан қўпориб ташлангани хабар берилганди

Мавзуга оид