Ўзбекистон | 11:31 / 13.04.2021
5104
2 дақиқада ўқилади

Red Wings Россиядан Ўзбекистонга авиарейсларни йўлга қўйиши мумкин

Red Wings Россиянинг SSJ 100 самолётларида Екатеринбург ва Челябинскдан Ўзбекистон шаҳарларига парвозларни бошлаш имкониятларини ўрганмоқда.

Россия Саноат ва савдо вазирлиги раҳбари Денис Мантуров Red Wings авиакомпанияси SSJ 100 самолётларида Екатеринбург ва Челябинскдан Ўзбекистоннинг асосий шаҳарларига парвозларни бошлаш имкониятини ўрганаётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАSS.

«Red Wings Екатеринбург ва Челябинскдан Ўзбекистоннинг асосий шаҳарларига, шу жумладан республика пойтахти Тошкентга парвозларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда», дея таъкидлаган Мантуров.

Шунингдек, Россия саноат ва савдо вазири «Иннопром» кўргазмасида авиакомпания раҳбарияти ва Ўзбекистон авиация маъмурлари ўртасида тегишли музокаралар олиб борилганини келтириб ўтди.

Денис Мантуров сўзларига кўра, рейсларни очиш ҳаво қатновини тиклаш ва Россия транспорт вазирлиги томонидан маълум йўналишлар учун рухсатномалар берилишига боғлиқ бўлади.

«Айни пайтда Red Wings паркида 4та SSJ 100 самолёти мавжуд, апрел ойи охирида парвозларни бошлайдиган яна учта лайнернинг техник қабул қилиниши якунланади», - деган Мантуров.

Маълумот учун, 5 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев «Иннопром» халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Аввалроқ, 7 апрел куни Uzbekistan Airways 2021 йилнинг апрел ойидан бошлаб, Тошкент - Москва - Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар қайта жорий этилиши тўғрисида хабар берди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид