12:27 / 13.04.2021
3873

ХТВ жамоатчилик кенгаши ўқитувчилар фаолиятига ноқонуний аралашув жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирди

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги 134-мактабга 100 км масофадан бориб инглиз тилидан дарс берадиган ўқитувчи Шоҳнур Оққўзиев ўқувчисига «2» баҳо қўйгани сабаб унинг яқинлари томонидан калтаклангани хабар қилинган эди. Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ушбу воқеа юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Миллат сифатида қад ростлаш ва дунёнинг ривожланган давлатига айланишга фақатгина таълим соҳасини ислоҳ этиш, бунинг учун ўқитувчиларни жамиятда энг обрўли қатламга айлантириш орқалигина эришиш мумкинлигини барчамиз биламиз.

Бироқ афсуски ҳали ҳамон жойларда ўқитувчиларни таҳқирлаш, камситиш, ҳақоратлаш ҳамда уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатлари учрамоқда. Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги бу борада ўқитувчиларни ҳимоя қилиш позициясида эканлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Куни кеча Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги 134-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиевнинг касбий фаолиятига нисбатан жисмоний тазйиқ, ҳаттоки ўқитувчининг ҳаётига бевосита таҳдид қилингани, ҳақoратлангани, аёвсиз равишда калтакланганлиги ҳолати юзага келди.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши бу каби кўнгилсиз воқеаларни кескин қоралашини маълум қилади.

Ўз навбатида, ватанимиз равнақи ва ривожи учун бефарқ бўлмаган барча жамоатчилик вакилларини жамиятда ўқитувчиларга нисбатан умуммиллий ҳурмат туйғусини шакллантириш, касбий фаолиятига аралашмасликка чақиради.

Зеро, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ўзи ўқитувчиларнинг нуфузи ва мақомини ошириш, уларнинг профессионал фаолият билан шуғулланишларига кўпроқ шароит яратиб беришга қаратилган чораларни кўриш зарурлигига эътибор қаратиб, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлигини, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув жавобгарликка сабаб бўлишини қайд этган», дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирган ва ҳозирги кунда Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top