Ёшлар билан ишлашдаги камчиликлар учун бир вилоят ҳокими ўринбосари ва икки туман ҳокими ишдан олинди
Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Чори Бегимқулов, Фурқат тумани ҳокими Дилмурод Солиев ҳамда Улуғнор тумани ҳокими Дониёр Махсудов ёшлар билан ишлашни лозим даражада ташкил этишмагани учун ишдан кетди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ёшлар масаласига бағишланган видеоселектор чоғида маълум қилди.
Ёшлар масаласида йил бошидан буён иккинчи марта ўтказилаётган йиғилишда давлат раҳбари кўпчилик қуйи бўғиндаги раҳбарлар масала моҳиятини тушунмаётгани, ёшлар билан ишлаш бўйича натижалардан мутлақо норози эканини қайд этиб ўтган.
Йиғилишда айрим ҳудудларда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳолат қониқарсиз экани танқид қилинган.
«Ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш Сурхондарё вилоятида 30 фоизни (15 минг 500 нафар) ташкил этиб, бу республикадаги энг паст кўрсаткич.
Худди шу каби, Хўжайлида атиги 16 нафар (2 минг нафар ёшлар ишсиз), Фурқатда 27 нафар (2,1 минг нафар), Улуғнорда 78 нафар (3,7 минг нафар), Ангорда 82 нафар (3,4 минг нафар) ишсиз ёшлар «1+1» лойиҳаси билан қамраб олинган.Ёшлар билан етарли иш олиб борилмагани оқибатида, улар ўртасида жиноятчилик Сурхондарёда 70 фоизга ошган (239 та жиноят).
Бу борадаги аҳвол Шофиркон, Қамаши, Хива ва Чуст туманларида ҳам қониқарсиз», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шу боис, ёшлар билан ишлашни лозим даражада ташкил этмагани учун:
- Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Бегимқулов, Фурқат тумани ҳокими Солиев ва Улуғнор тумани ҳокими Махсудов;
- ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрмагани учун Шофиркон ва Қамаши туманлари прокурорлари, Хива ва Чуст туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари;
- ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда сусткашликка йўл қўйгани учун Хўжайли ва Ангор тумани солиқ идоралари раҳбарлари лавозимидан озод этилиши маълум қилинди.
«Барча олган маошлари қайтарилади ва болалар уйига берилади, бирортаси давлат тизимида ишламайди. Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш фақат президентга керакми?» – дея савол қўйган президент.
Чори Раҳмонович Бегимқулов 2019 йил сентябридан буён Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Дилмурод Солиев 2020 йил бошидан буён Фарғона вилояти Фурқат туманига раҳбарлик қилиб келган.
Муқаддам Андижон вилоятининг Булоқбоши туманига ҳокимлик қилган Дониёр Махсудов 2017 йил декабрида Улуғнор тумани ҳокимлигида иш бошлаганди.
Мавзуга оид
15:58 / 16.12.2024
Иқтисодий комплексда 300 га яқин раҳбар ишдан олинди - президент
16:08 / 14.12.2024
“Боғча тўлови қисман қопланади, уйда қараш хизмати йўлга қўйилади” – видеоселектордан ваъдалар қандай?
13:18 / 13.08.2024
Солиқ қўмитаси йирик корхоналарнинг маҳаллий бюджетга тўловларини ҳисобга олиш тартибини жорий қилади
18:00 / 12.08.2024