Жамият | 14:15 / 15.04.2021
17113
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир гуруҳ аёллар ва ички ишлар ходимлари ўртасида можаро юз берди. ИИББ расмий изоҳ билан чиқди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари аёлларни хизмат автомобили томон олиб кетаётгани акс этган видеотасвир тарқалди. Пойтахт ИИББ ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, 14 апрел куни тахминан соат 21:30ларда Қоратош ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида Тошкент шаҳар ИИББ патрул-пост хизмати ходимлари автомобиллар қатнов қисмида фарзандлари билан тиланчилик қилиб, ҳайдовчиларга халақит берган уч нафар аёлларни кўриб қолишган.

Билдирилишича, аёллар тиланчилик қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирилиб, уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ 2-сон ички ишлар бўлимига таклиф қилинган.

“Бунга жавобан аёллар атрофдагиларнинг раҳмини келтириш учун бақириб, ходимларга фаол қаршилик қила бошлашди. Ички ишлар бўлимига олиб келинган шахслар Самарқанд вилоятлик, 25 ёшли, икки фарзандли Маҳлиё Ю., 30 ёшли Зуҳра Ш. ва 25 ёшли Санобар У. экани, шунингдек улар муқаддам бир неча маротаба огоҳлантирилгани аниқланди.

Бундан аввал ходимлар мазкур аёлларнинг йўл қисмида тиланчилик мақсадида болаларидан фойдаланаётганига гувоҳи бўлишган. Бу аёлларнинг йўл қатнов қисмида тиланчилик қилиши нафақат уларнинг ўзи, балки норасида гўдакларининг ҳаёти учун ҳам хавфли бўлиб, камига бошқа йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаёти ҳам хавф остида қолган”, дейилади маълумотда.

Маълум қилинишича, аёлларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилиши учун терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча хабар берилади.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари тиланчилик учун жавобгарлик кучайтирилгандан буён, фаол тиланчилик билан шуғулланувчи шахслар орасида тушунтириш-профилактик ишлар олиб бормоқда. 

“Профилактик суҳбатлар давомида тиланчилик билан шуғулланиш сабаблари ўрганилиб, уларга ёрдам бериш учун иш таклиф этилмоқда. Афсуски, ушбу фуқаролар ҳар доим ҳам ишга жойлашишга рози бўлмасдан, енгил даромад топиш мақсадида тиланчилик билан шуғулланишда давом этмоқда”, дейилади ИИББ хабарида.

Мавзуга оид