Ҳали мактаб ҳудудига кирмасдан туриб, унинг чиндан абгор ҳолатда эканлигини илғаш қийин эмасди: мактаб девори сувоқлари кўчиб тушган, даргоҳ қаршисидан ўтувчи ариқларда чиқинди уюмлари қалашиб ётарди.

Мактаб ҳудудига кирганимизда мурожаатчилар томонидан ёзилган хатда тасвирлаб берилгандан ҳам ёмонроқ аҳволдаги мактаб биносига дуч келдик. Гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ҳожатхонанинг ўзиёқ исталган инсоннинг таъбини тирриқ қилиши мумкин. Деворлари нураб тушган. Ичимлик суви қувурлари ҳам хизматини аллақачон ўтаб бўлган эди.

Омборхона ва ошхонадаги шароит ҳам бир аҳволда. Мактаб атрофи девор билан тўлиқ ўралмаган. Бино шиферини шамол қаёқларгадир учирган афтидан.

Биз борган пайтда мактабда семинар бўлаётган, туман халқ таълими бўлими мудири ҳам тадбирда иштирок этаётган экан. Мактаб шароити билан танишгунимизгача тадбир якунига етиб, мудир кетиш тараддудига тушди.

Мудирдан таълим даргоҳининг аячли ҳолати ҳақида муносабат олмоқчи бўлдик. У эса туман прокуратурасида иши борлиги, мактаб билан боғлиқ барча саволларга қурилиш бўйича муҳандис жавоб беришини айтиб, кетиб қолди.