Жаҳон | 17:33 / 16.04.2021
80003
2 дақиқада ўқилади

Россия ИИВдан МДҲ давлатларига ультиматум: 15 июнгача ноқонуний мигрантлар олиб чиқилиши керак

МДҲ давлатлари шу йилнинг 15 июнига қадар Россияда ноқонуний бўлиб турган ўз фуқароларини олиб чиқиб кетмаса, Москва чегараларни ёпишгача бўлган чораларни қўллаши мумкин.

Бу, жумладан, Ўзбекистоннинг айни вақтда Россияда бўлиб турган 332 минг фуқаросига ҳам тегишли.

РФ ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой бу гапни МДҲга аъзо давлатлар парламентлараро ассамблеяси ялпи йиғилиши чоғида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Interfax.

«Ҳамкасблар, сизларга бир илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Бугунги кунда менинг мамлакатим ҳудудида ноқонуний бўлиб турган фуқароларингиз сони бунча, — деган у рақамларга ишора қилиб. — Агар биз бу сонни РФ президенти фармонида назарда тутилганидек 15 июнгача йўқотмасак, бу одамлар мамлакатдан бадарға қилиниш ва чегараларни ёпишгача бўлган жазога мубтало бўлади».

Вазир ўринбосари бу муаммога қарши маҳаллий давлатлар нашрлари ва блогерлари ёрдамида курашишни ҳам тавсия қилди.

«Фуқароларингизга қарши миграция режимини бузганлик учун ҳеч қандай ҳуқуқий чора кўрилмайди», — дея ишонтирган Горовой.

Пандемия туфайли мигрантларнинг бир қисми Россияни тарк этишга улгурган, чегаралар ёпилгани туфайли қайтиб кела олишмаяпти, яна бир қисми уйга бориш имкониятидан маҳрум бўлган. Путин ўз фармони билан Россияда қолган хорижликларга 2021 йилнинг 15 июнигача РФ ҳудудида бўлиб туриш ва яшаш ҳуқуқи, ҳисобга олиш муддати ва уларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солувчи бошқа чоралар муддати узайтириб берилган эди.

ИИВ маълумотларига кўра, Россияда айни вақтда Арманистоннинг 61 минг, Озарбойжоннинг 120 минг, Тожикистоннинг 247 минг, Украинаниннг 152 минг, Ўзбекистоннинг 332 минг, Қирғизистоннинг 115 минг, Қозоғистоннинг 49 мингдан ортиқ фуқаролари ноқонуний бўлиб турибди.

2020 йилнинг декабр ойи маълумотларига кўра, Россияда мингрантлар сони 6,3 миллион кишини ташкил этган. Март ойида РФ ИИВ Россия ҳудудига кириб келаётган барча хорижликлар ҳақида ягона маълумотлар базасига эга рақамли сервис яратилишини эълон қилган эди.

Мавзуга оид