​Давлат ҳар қанча ривожланмасин, қишлоқ хўжалигига эътибор сусайса, замон билан ҳамнафас ишлаш тизимига ўтилмаса, катта йўқотишга учрайди. Хусусан, юртимизда ҳам соҳага эътибор ортиб, ислоҳотлар бошландики, бу қисқа фурсатларда истиқболли натижасини кўрсатмоқда.

Жумладан, ҳудудларда уйма-уй юриб, янги тизим асосида иш олиб борилди, томорқа ерларига кўпроқ экспортбоп экинлар экишни тарғиб қилишга кенг жамоатчилик жалб қилинди. Шунингдек, вертолётда учиб, мониторинг ўтказиш натижасида деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлиги ошириляпти. Ўзига бириктирилган томорқа еридан йил давомида икки-уч марта ҳосил олиб, даромадини кўпайтириш, халқимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.

Самарқанд вилоятида жами 846 та маҳалла фуқаролари йиғини мавжуд бўлиб, 631,4 минг нафар томорқа ер эгаларига 69,6 минг гектар экин ер майдонлари бириктириб берилди.

2021 йил ҳосили учун жами 19,4 минг гектар, шундан: 5 минг 951 гектарга август-сентябр ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда 13 минг 482 гектарга ноябр-декабр ойларида тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилди.

Экилган тўқсонбости экинларидан жами 281,7 минг тонна маҳсулот йиғиштириб олиниши режалаштирилган.

Барча туман ҳокимликлари томонидан 2021 йилда аҳоли хонадонларида экинларни жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари белгилаб олинди.

Жорий йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларининг 50 минг 36 гектарига баҳорги қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилиши белгилаб олиниб, шу кунга қадар 38 минг 540 гектар (77 фоиз), шундан 19 минг 41 гектарга сабзавот, 11 минг 829 гектарга картошка, 713 гектарга полиз, 2 минг 65 гектарга дуккакли ва 4 минг 893 гектарга бошқа экинлар экилиши якунига етказилди.

 
Эрта баҳорда экилган 50 минг 36 гектар майдонлардан жами 1 млн 313,8 минг тонна, шу жумладан 579 минг 759 тонна сабзавот, 31 минг 575 тонна полиз маҳсулотлари, 270 минг 986 тонна картошка, 3 минг 582 тонна дуккакли экинлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан 94 минг 231 тонна маҳсулот йиғиштириб олиниши кутилмоқда.