Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжат билан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурслари ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, ушбу низом 1.10.2021 йилдан бошлаб амалга киритилади.

Низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурслари ҳисоботини юритишнинг шаффоф тизими;
  • сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурслари ҳисоботини юритишда замонавий АКТни жорий этиш;
  • сув ресурслари соҳасида мониторингни юритиш тартиби.

Белгиланишича, сувдан барча махсус фойдаланувчилар ва махсус сув истеъмолчилари (коммунал сув таъминоти тизимидан сув олувчи сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларидан ташқари) сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни 1.10.2021 йилдан бошлаб электрон шаклда юритади.

Сув хўжалиги вазирлигига қуйидаги вазифалар топширилди:

а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

1.07.2021 йилга қадар сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни электрон шаклда юритишни таъминловчи дастурий таъминот яратиш;

1.09.2021 йилга қадар сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни электрон шаклда юритиш бўйича дастурий таъминотдан фойдаланиш тўғрисида йўриқнома ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан ушбу дастурдан фойдаланиш бўйича қисқа муддатли ўқувларни ташкил қилиш;

б) ДТни республика бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар тасдиқланган харажатлар сметасида режалаштирилган маблағлар ёки чет эл (халқаро) гранти ҳисобидан ишлаб чиқиш ва амалга ошириш чораларини кўриш;