BBC турк хизмати Италия бош вазирининг матбуот хизматидан Италия матбуотидаги иддаолар ва Эрдўғаннинг жавоби юзасидан баёнот берилиши ёки берилмаслигини сўради. Италия расмийларидан бири ОАВдаги хабарларга ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини айтди.
Италия матбуоти бир ҳафтадан бери давом этиб келаётган тарангликни дипломатик каналлар орқали юмшатишга ҳаракат қилингани, аммо Драги «тузатиш киритиш» таклифини рад этганини ёзди.
Кеча Италия газеталарида Эрдўғаннинг Драгига берган жавоби ва Италия томонида бир ҳафтадан бери содир бўлаётган воқеалар тўғрисида маълумотлар берилди. Эрдўғаннинг кечаги сўзлари Италия газеталарида «Эрдўғаннинг ҳужуми: Драги тарбиясиз» каби сарлавҳалар билан кенг ёритилди.
Италия матбуоти Драги ўтган ҳафтанинг пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрдўған ҳақида «диктатор» сўзини ишлатганидан бери Рим сукут сақлаганига эътибор қаратди. Газеталардаги саҳна орти маълумотларига кўра, ўтган ҳафта давомида Италия дипломатияси муносабатларни тиклаш учун иш олиб борган, аммо Драгини ортга қайтишга кўндира олинмаган.
«Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Марио Драгига кечирим сўралмаган тақдирда ҳам тузатиш имкониятини бериш учун бир ҳафта кутди», деб ёзади La Stampa газетаси. Газетанинг ёзишича, бу бир ҳафта мобайнида «Драги итальян дипломатиясини уялтириб, сукут сақлади» ва муросага эришиш бўйича ҳеч қандай қадам ташланмагач, Эрдўған жавоб қайтарди.
La Repubblica газетаси ҳам Италия томонининг бир ҳафта сукут сақлаганига эътибор қаратди ва буни қуйидагича изоҳлади:
«Рим ҳозирча сукут сақлашни танлади. «Изоҳ бермаслик» усули билан тарангликни юмшатишга умид қилинмоқда».
Собиқ Анқара элчиси «тузатишни» тавсия қилди

La Stampa газетасидаги саҳна орти маълумотларга кўра, бош вазир Драгининг дипломатик маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Италиянинг Анқарадаги собиқ элчиси Луиджи Маттиоло Эрдўған «диктатор» деб аталган чиқишнинг ортидан дарҳол масалага аралашган.
La Stampa бош вазирлик манбаларига асосланган хабарида шундай ёзади: «Маттиоло бош вазирга унинг бу гапи «жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтирди. Уни (Эрдўғанни – таҳр.) диктатор деб атаб бўлмайди, биз буни қандайдир тарзда тузатишимиз керак», деган туркларнинг табиатини яхши билган собиқ Анқара элчиси. Аммо унинг бу тавсиясини Драги «Мен ҳеч нарсани тузатмайман» деб рад этган.
















