Ҳозирда дунёда аҳоли сонининг жадал суръатларда ўсиб бориши, экин ерлари ва сув ресурсларининг чеклангани, айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва табиий офатлар натижасида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш барча мамлакатларда энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашда томорқалар ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланиш нақадар муҳим аҳамиятга эга экани барчамизга маълум.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 340 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 46866 гектар экин ерларидан фойдаланиб келмоқда ва шу билан бир қаторда 5116 фермер хўжалиги 301813 гектар ер майдонларида меҳнат қилмоқда.
Янги тизим асосида, уйма-уй кириб, томорқага экин экишни тарғиб қилиш ишларига кенг жамоатчилик жалб қилинган бўлиб, бунда ОАВ орқали томорқа майдонларида сермаҳсул фаолият юритаётган миришкорлар меҳнатлари ёритилишининг ҳам ўрни катта бўлмоқда.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 2018 йил 26 апрелда 3680-сонли Президент қарори билан Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузурида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари қўллаб-қувватланмоқда.
Жойларда томорқа ва деҳқон хўжаликлари учун хизмат қиладиган “Томорқа хизмати” корхоналари ташкил этилаётган бўлиб, жамғарма ва ўз маблағлари ҳисобидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қорақалпоғистонда бу борада Амударё тумани учун 5 млрд 27 миллион сўм ва Бўзатов туманига 800 миллион сўм маблағ йўналтирилган, Нукус туманида 2 млрд 500 миллион сўмлик ва Бўзатов туманида қурилиш ишларининг иккинчи босқичини бошлаш учун кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда деҳқонлар ва фермерларнинг эркинлигини таъминлаш бўйича қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Лекин бу билан деҳқонлар эркинлиги тўлиқ таъминланяптими? Бу борада маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ҳамон хавотирли хавфлар мавжуд бўлиб қолмоқда. Биргина ўтган 2020 йилнинг ўзида 4 фермер хўжалиги ерлари маҳаллий ҳокимликларнинг қарорлари билан олиб қўйилди. Бу бўйича судларга аризалар киритилиб, туман ҳокимликларининг ноқонуний қарорлари бекор қилинди ва фермерларнинг ер майдонлари қайтариб берилди. Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига кўра бундай можаролар ҳали ҳам давом этиб келмоқда.

















