Ўзбекистон | 16:16 / 17.04.2021
20496
2 дақиқада ўқилади

Шаҳидлар хиёбонига амфитеатр, кафе ва дўконлар нега керак? Қурилиш вазири жавоби

Айни кунларда Тошкентдаги Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасида қурилиш бошланган. Жадидлар қатл этилган хотира майдонида амфитеатр, маиший хизмат бинолари ва савдо дўконлари қурилиши эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Kun.uz мухбири 17 апрел куни Самарқандда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қурилиш вазири Ботир Зокировдан шу масалада изоҳ сўради.

Зокировга кўра, Шаҳидлар хиёбони бўйича вазирлик лойиҳалари якунига етмоқда. Яқинда Вазирлар Маҳкамасида тақдимот ҳам ўтказилган.

«Лойиҳадаги биринчи масала – Шаҳидлар хиёбони музейи, унинг фасади, том қисмлари, барчасини таъмирлаш тўғрисида гап кетмоқда. Буларнинг барчаси қулайлик яратиш нуқтайи назаридан қилинмоқда. Масалан, илгари тўғри залга кириб бориларди, ҳозир залга эмас, ўртадан эшик очиб кичик ҳоллга, ундан ичкарига ўтилади. Ичкарида вентиляция тизимлари ишдан чиққан. Ўтган йил қаттиқ ёмғир ёққанида бинога сув ўтиб кетган. Шунга ўхшаш ҳолатлар бор, қайта таъмирланади», – деди қурилиш вазири.

Вазир ўз жавобида юқоридагиларга қўшимча равишда бутун ҳудудда ободонлаштириш ишлари бораётгани ва бу лойиҳага ўзгартириш киритиш масаласи кўриб чиқишга тайёрлигини айтди.

«Менинг ўзим у ерда катта бўлганман. Ҳозир бу жойда эрталаб ва кечки пайт одам кўп. Мажмуанинг ҳолати айни вақтда жудаям ночор. Шунинг учун пиёдалар йўлаклари, велойўлаклар, велопрокат, амфитеатр, кафе, автотураргоҳ, бундан ташқари, мажмуанинг асосий биноси қурилмоқда.

Албатта, агар лойиҳада камчиликлар бўлса, буни муҳокама қилишга тайёрмиз.

Ҳозирги вақтда музей бор-у, музей ходимлари ўтирадиган жой йўқ. Аслида, шаҳидлар бўйича жуда катта маълумотлар базаси бор, йирик ўрганишлар амалга ошириш керак, шунинг учун алоҳида бино қилинмоқда.

Лойиҳани муҳокамага қўямиз, агар қарама-қаршиликлар бўлса, уни ҳам кўриб чиқамиз. Мақсад – шаҳид боболаримизнинг руҳини шод қилиш, мажмуани обод қилиш», – деди қурилиш вазири Ботир Зокиров.

Мавзуга оид