Ўзбекистон | 15:47 / 18.04.2021
19706
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазири Самарқандда бузилиши белгиланган ноқонуний уйлар тақдири бўйича маълумот берди 

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда қурилган уйларнинг бузилиши маълум қилинган бўлса-да, бу иш бир неча йилдан буён ортга суриб келинмоқда. Қурилиш вазири Ботир Зокиров журналистлар билан учрашувда бу бўйича қисқача изоҳ берди.

«Самарқанд бўйича минг афсус, эҳтимол, либераллигимиз сабаб бўлгандир, бугун жуда кўп ноқонуний уйлар бор. Вазирлар Маҳкамаси қарори бор, бу бўйича барча ноқонуний қурилган уйларни таҳлил қилиб чиқдик. Лойиҳа, таклифлар ишлаб чиқилган.

Масалан, ЮНЕСКО эътирозлари бўйича 23та бинонинг баландлигини қисқартириш чоралари ишлаб чиқилган. Бу лойиҳаларнинг суммаси жуда катта.

Шунчаки бинонинг устини олиб ташлаб бўлмайди. Унга ҳам лойиҳа қилинади, ўзининг технологияси бор. У бинолар фақат кесиб олинади. Диаметри икки метрли махсус олмос пармалар билан кесилади. У махсус пичоқли пармалар билан 85 см қалинликдаги деворни кеса олади, таркиби ғишт, бетон, арматура — нимадан иборат бўлишидан қатъи назар. Лекин бу нарсалар жуда қиммат туради. Бошқача йўл тутишнинг имкони йўқ. Қуриш осон, бузиш қийин.

Гап аслида бу ускунанинг пулида ҳам эмас. Масалан, ноқонуний уй қурганлардан бири ҳозир биласиз, [қамоқда] ўтирибди. Аммо бу уйларга одамлар кўчиб кирган, уларни чиқаришда муаммо бор.

Уйларни кесган билан унда яшовчилар тақдири турибди. Одамларни кўчага ҳайдаб юбормайсиз-ку?! Бу муаммо ҳозирча бизни тўхтатиб турибди. Бошқа масалалар, таклиф ва лойиҳалар тайёрлаб бўлинган. Ўйлайманки, бунинг ҳам ечими бўлади», дейди вазир. 

Мавзуга оид