Дунёнинг энг бой ва кучли 12 клуби Суперлига тузишаётгани ҳақида расман эълон қилишди. Бу лойиҳа бир неча йилдан бери мавжуд бўлса-да, бир қатор сабаблар, хусусан, УЕФАнинг баъзи қарорлари, топ-клубларнинг даромадларни кичик клублар билан бўлишишни истамаётганликлари уни кун тартибига чиқарди. Пандемия давридаги молиявий зарбалар эса лойиҳанинг тезлашишига асосий сабаб бўлди.

Турнир ҳақида расман эълон қилинишини олдиндан сезган УЕФА «қўрққан олдин мушт кўтарар» қабилида эртароқ ўз позициясини эълон қилди – ушбу лойиҳага қатнашувчи клублар миллий чемпионатлардан ҳам чиқариб юборилиши ва футболчилар ҳатто миллий терма жамоалар сафида ҳам майдонга тушиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ҳақида огоҳлантирди.

Бу уриниш таъсир қилмади, Флорентино Перес бошчилигидаги турнир ташкилотчилари Суперлига мана шу йил августидаёқ старт олиши ҳақида баёнот берди. Ортидан клублар ҳам расман буни тасдиқлай бошлади.

УЕФА эса навбатдаги зарбасини берди: Жорий ЕЧЛ ва ЕЛ мусобақалари тўхтатилади. Масала юзасидан тезкор мажлис чақирилиб, «исёнкор клублар»ни ҳозир бўлиб ўтаётган еврокубоклардан дисквалификация қилиш чораси кўрилиши ҳам мумкин. Ҳатто Суперлиганинг ҳар бир клубини 50-60 миллиард евролик суд даъвоси кутмоқда.

Жуда кўп манфаатлар, масалан, футболчиларнинг ўз терма жамоалари шарафини ҳимоя қилиш истаги, мухлисларнинг иродаси, ҳатто еврокубоклар трансляциясини сотиб олиб, пулини тўлаб қўйган телеканаллар, ҳомийлар ва яна бир қатор томонлар бир четга сурилиб, икки томон бир-бирига принципиал бораётгани бироз кулгили. Худди, ким кимга кўпроқ муҳтож экани борасида тортишув бошланаётгандек.

Хўш, Суперлига ўзи нима?

ФИФА, УЕФА каби ташкилотлар билан топ-клублар ўртасидаги зиддиятлар анчадан бери мавжуд. Футболда катта пуллар айланиши маълум, тилга олинган ташкилотлар эса доим каттароқ қисмга эга чиқишга уринади. Айниқса, терма жамоалар билан боғлиқ мусобақалар доим клубларнинг манфаатларига тўсиқ қўйиб келган. Футболчиларга катта суммалардаги маошлар тўлайдиган клублар терма жамоа йиғинлари туфайли кўп йўқотишларга учрайди, жароҳатлар содир бўлади. Қолаверса, УЕФА Европа чемпионати иштирокчилари сонини ва форматини ўзгартириши, Миллатлар Лигаси каби келажаги шубҳали бўлган турнирларга асос солиши доим клубларни жиғибийрон қилиб келган.

Бунинг устига, топ-клублар доим еврокубоклардан даромадлар иштирокчилар ўртасида адолатли тақсимланмаётганидан норози бўлиб келади. Масалан, Чемпионлар Лигасининг асосини ва жозибадорлигини таъминлайдиган клублар якунда шу қадар оз сумма оладиларки, бу бирор трансфер нархининг ярмини ҳам қопламаслиги мумкин баъзида. Чемпионлар Лигаси формати, айниқса, гуруҳ босқичида жамоалар сони кўпайгани муносабати билан қизиқарсиз бўлиб қолаётгани ҳам сир эмас.