Келинг, тасаввур қиламиз, Суперлига ташкилотчилари йўлдан қайтмадилар ва ҳаммаси бугун биз ўйлашга ҳам қўрқаётган нуқтага етиб келди. Яъни Суперлига старт олиш арафасида, миллий лигалар бу клубларни дисквалификация қилган, футболчиларга нисбатан тақиқлар қўйилган ва ҳоказо.
Мағлуб тараф нималарни йўқотиши тушунарли. 12та топ-клубсиз УЕФА ҳам, учта лига ҳам бор эътиборини йўқотади. Нафақат жозиба тарафидан, бу шундоғам тушунарли, молиявий томондан ҳам «ўлдирувчи» зарбага учралади. Ла Лигада шундоғам асосий пул «Реал», «Барселона» ва «Атлетико» орқасидан келади. «Кучли олтилик»сиз АПЛни тасаввур қилиш мушкул. Шундоғам оғир аҳволда бўлган А Серия клублари айнан «Ювентус» ёки Милан клубларига қарши ўйинлар орқали даромад қилаётгандилар. «Парма» ёки «Болонья»нинг четда мухлиси йўқ, табиийки, Лигалар мамлакат ташқарисида бутун томошабинни йўқотишади. Пандемия даврида бундай йўқотишлар билан тирик қолиш мумкинми? Яна ўша топ-клубларсиз ўтадиган Чемпионлар Лигаси бутун бир лигаларни қутқариб қола оладими? Йўқ, албатта. Буниси тушунарли.
Гўёки, бой клублар ўз қатъияти туфайли азалий орзуга эришадилар ва осмондан пул ёғиладиган турнирни бошлайдилар. Аммо бу турнир ўша орзудаги мусобақа бўлишига ишончингиз комилми?
Бир қатор факторлар бу лойиҳанинг муваффақиятсиз чиқишига етарли бўлади.
Биринчидан. Суперлига ғояси энг бошидан миллий лигаларга параллел равишда ташкил қилиниши кўзда тутилганди. Лойиҳа пишитилаётганда УЕФА мана шундай нозик томондан ушлашини ташкилотчилар ҳам кутмаган бўлишса керак. 12талик вакуумда, у ҳар қанча гранд клублардан ташкил топмасин, узоқ вақт яшаб қолиш мушкул. Миллий лигаларсиз бу турнир умуман мазмунини йўқотади. Ташкилотчилар миллий лигаларга қўшимча ҳолда ҳар бир топ-клуб учун 20-23 ўйин ваъда қилган бўлишса, энди миллий лигадаги 38 ўйиндан маҳрум қилинади. Чекланган оз жамоа билан бу бўшлиқни тўлдириш умуман иложсиз.
Иккинчидан, айтиляптики, Суперлигада топ-ўйинлар кўп бўлади, турнирнинг қизиқарлилиги учун бунинг ўзи етарли. Мен бундай ўйламайман. Мисол учун, бу мавсумда АПЛда бўлиб ўтган қайси топ-учрашув ёдингизда қолди? Топ-6 ўртасидаги баҳс деганда, аввало 0:0 ҳисоблари хаёлга келмаяптими? Топ-клубларнинг рақобати ўзаро ўйинларда эмас, бошқалар ҳам қатнашадиган лигада, турли жанрдаги тўсиқларни енгишдаги солиштирмаларда намоён бўлмайдими? АПЛнинг ушбу мавсуми топ ўйинлардан-да кўпроқ, «Лестер»нинг «Этиҳад»даги ғалабаси, «Ливерпуль»нинг айнан аутсайдерлар билан ўйинлардаги ажиб мағлубиятли серияси, «Юнайтед»нинг «Лидс» ва «Эвертон» билан голли баҳслари, «Тоттенҳэм» етакчиларининг сермаҳсул ўйинлари билан ёдда қолмаяптими?
Футбол тенг кучли рақиблар баҳси билан эмас, ўзига яраша сценарийлари билан гўзал. «Милан» ва «Ювентус» қаторасига беш марта ўйнаши мумкин, аниқ, учинчисида зерикишни бошлаймиз. Бир-бирини навбати билан ютишидан кўра, кучсизроқ рақибларнинг сюрпризлари жозибалироқ бўлмайдими? Масалан, йил бўйи «Эл Класико»ни кутамиз, лекин эсингизда бўлса, кубок ва Чемпионлар Лигаси қуръаси туфайли бу жамоалар бир ойда тўрт марта тўқнаш келгандилар. Назаримда, ўша йилда икки бор бўладиган кайфни бермаган.















