Самарқанд вилояти Булунғур туманида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 9 ёшли қизни машина уриб юборган. Натижада у тан жароҳатлари олиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 19 апрель куни соат 12:45ларда давлат аҳамиятидаги 4R-47 автомобиль йўлининг Булунғур тумани «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган 4-километрида пиёда билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Жомбой тумани «Саболоқ» МФЙда яшовчи, 1993 йилда туғилган А.Ж. ўз бошқарувида бўлган «ВАЗ-2106» русумли автомашина билан, Булунғур тумани Мингчинор маҳалласида яшовчи, 2011 йилда туғилган У.М.ни уриб юборган.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида У.М. тан жароҳати олиб, Булунғур тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Булунғур тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Самарқандда қоидани бузиб қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган ҳайдовчи пиёданинг ўлимига сабаб бўлди

Самарқандда «Жентра» қарама-қарши йўналишга чиқиб «авария» содир этди. Икки нафар йўловчи ҳалок бўлди