Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди 2023 йил январида ҳомиладор аёлни уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган Nexia-3 ҳайдовчисига 11 июлда ҳукм чиқарган, дея ёзади суд ҳукмини ўрганган Gazeta.uz.

Жиноят иши материалларига кўра, 2023 йилнинг 3 январ куни тахминан соат 18:50 ларда Nexia-3 автомобили ҳайдовчиси (суд ҳукмида унинг исм-шарифи яширилган) ЙТҲ содир этади. Ҳодиса Яшнобод тумани Оҳангарон йўлининг Янгиобод савдо мажмуаси қаршисида рўй берган.

Судланувчи йўл, об-ҳаво ҳолатига эътибор бермаган, шунингдек, кўриш масофаси чеклангани боис 37 ҳафталик ҳомиласи бўлган йўловчи аёл С.М.ни уриб кетган, дейилади суд қарорида. 

Аёл оғир тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Бироқ 4 январ куни олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган. Аёл вафотига қадар ўғил фарзандни дунёга келтирган, бироқ орадан маълум муддат ўтгач у ҳам дунёдан кўз юмган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, аёл ва чақалоқнинг ўлимига бош миянинг ёпиқ жароҳати ҳамда бош мияга қон қуйилиши сабаб бўлган. Уларнинг ўлими ЙТҲ натижасида юз бергани қайд этилган.

Ҳайдовчининг айби воқеа жойидан олинган протоколлар ҳамда тайинланган экспертизалар орқали исботланган.

Судланувчи кўрсатмасида аёл Янгиобод савдо мажмуаси олдидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтганини, у 60-65 км/соат тезликда ҳаракатланиб келаётган бўлганини, «кучли ёмғир, олдинда ўнг ҳамда чап қаторда машиналарнинг йўқлиги сабаб» йўлнинг ўнг томонидан ўтаётган аёлни кўрмай қолганини айтган. Ҳайдовчи ўткинчи Damas’лардан бирини тўхтатиб, уни шифохонага олиб борган.

Ҳайдовчи жабрланувчига етказилган барча зарарни қоплаганини билдириб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган. 

Марҳумнинг онаси сўзларига кўра, аёлнинг эри ва ўғли хориждалиги сабаб суд жараёнида қатнашмаган. У судланувчига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини ва унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.

Судя Анвар Икромов судланувчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш / муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиб, 10 йилгача озодликни чеклаш) билан айбдор, деб топди ва унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд, шунингдек, Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли жазо) қўллаб, тайинланган жазони шартли жазога алмаштирган — айбланувчига 3 йил синов муддати белгиланган.