Жамият | 18:59 / 14.09.2022
7093
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда пиёдалар йўлакчасида Lacetti уриб юборган 11 ёшли бола ҳалок бўлди

Ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва у Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Қашқадарё вилояти ИИб ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 11 сентабр куни соат 14:01 ларда 4Р-79 Қарши-Чироқчи-Шаҳрисабз автомобил йўлининг Қарши шаҳар “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидан ўтган 3-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қарши туман Керайт қишлоғида яшовчи фуқаро Х.Ф. Lacetti машинаси билан Шаҳрисабз-Қарши йўналишида ҳаракатланиб бориб, пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган, Қарши шаҳар “Отчопар” МФЙда яшовчи, 11 ёшли Й.А.ни уриб юборган. Оқибатда, вояга етмаган Й.А. оғир тан жароҳати олиб, вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳайдовчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Аввалроқ, айнан Қарши-Чироқчи-Шаҳрисабз йўлида Nexia-2 машинаси велосипедда йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланиб кетаётган шахсни уриб юборган ва у вафот этганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид