Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг мувофиқ рўйхатда кўрсатилган ҳудудларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (Ёшлар саноат зоналари)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Ташкил этилаётган Ёшлар саноат зоналарининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;
- ёшларга уларнинг саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳалари, ташаббуслари ва ғоялари амалга оширилишида кўмаклашиш ва қулай шарт-шароитлар яратиш;
- “стартаплар” ташкил этиш мақсадида бизнес-инкубатор вазифаларини амалга ошириш, ёш тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини барқарор ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш;
- ёшларга ўз инновацион ишланмаларини ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш ва натижаларини тижоратлаштириш, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш борасида амалий ёрдам кўрсатиш;
- банд бўлмаган, шу жумладан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда:
- келтирилган рўйхатдаги 77та Ёшлар саноат зоналари – 2021 йил 1 сентябргача;
- қолган барча Ёшлар саноат зоналари – 2022 йил 1 январгача тўлиқ ишга туширилишини таъминлайди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан ажратиладиган 100 миллион АҚШ доллари;
- халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари;
- Жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.












