«Коррупция ҳолатлари йил сайин кўпаймоқда» – Сенат раиси
Олий Мажлис Сенати йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева соҳаларда йўл қўйилаётган коррупциявий ҳолатлар йилдан йилга кўпайиб бораётганини таъкидлади.
Маълум бўлишича, 2020 йилда 2,5 мингдан зиёд бюджет муассасасида 301 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги, нархларни сунъий ошириш орқали давлат харидларини амалга ошириш ҳолатлари кўплаб аниқланган. Коррупцияга қўл урган мансабдор шахслар 2019 йилда 1 339 нафарни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 1 723 нафарга етган.
“Президент раҳбарлигида бўлиб ўтган хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселекторда энг кўп коррупция қурилиш, тиббиёт, мактабгача таълим соҳаларида юз бераётгани таъкидланди.
Таҳлилларга кўра:
- қурилиш соҳасидаги 44 та қонун ҳужжати экспертизадан ўтказилганда, уларнинг ярмида (23 тасида) 124 та;
- соғлиқни сақлаш соҳасидаги 70 та қонун ҳужжатининг 19 фоизида (13 тасида) 41 та;
- таълим соҳасидаги 96 та қонун ҳужжатининг 18 фоизида (17 тасида) 81 та коррупциявий омиллар аниқланган”, деди Сенат раиси.
Мазкур йўналишда прокуратура тизимида қатъий чоралар кўриш юзасидан аниқ таклифларни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритиш вазифаси топширилди.
Шунингдек, жойлардаги мутасаддилар томонидан тадбиркорлар тўла қўллаб-қувватланмаётгани танқид қилинди. Мисол тариқасида 5 200 дан зиёд тадбиркор ҳуқуқлари бузилиши, уларнинг манфаатларига зид келувчи 350 дан зиёд ноқонуний ҳужжат чиқарилиши, 24 мингга яқин тадбиркорнинг турли йўналишлардаги (кредит, ер, бино, коммуникация, лицензия) муаммолари фақатгина прокуратура органларининг аралашувидан кейин ҳал қилиниши келтириб ўтилди.
Норбоеванинг қайд этишича, қишлоқ хўжалигида ердан самарали фойдаланишга етарлича эътибор қаратилмаганлиги оқибатида 10 минг гектардан зиёд ер ўзбошимчалик билан эгалланган. Қарийб 14 минг гектар ердан мақсадсиз фойдаланилган.
78 минг гектардан зиёд ер қонунга хилоф тарзда ажратилган. Минглаб тонна уруғлик, минерал ўғит, нефть маҳсулотлари ва бошқа ресурслар ноқонуний эгалланган.
2019 йилда ирригация, мелиорация тадбирлари учун ажратилган 1,7 млрд сўм маблағ талон-торож қилинган бўлса, ўтган йилда бундай талон-торожликлар қарийб ўн баробарга ошиб, 16 млрд сўмни ташкил этган.
Мазкур йўналишда 2019 йилда 92 та жиноят аниқланган бўлса, 2020 йилда бу рақам қарийб тўрт баробарга ошиб, 359 тани ташкил этган.
Мавзуга оид
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024
Танзила Норбоева МДҲ Парламентлараро ассамблеяси делегациясини қабул қилди
15:55 / 24.10.2024