Ўзбекистон | 12:10 / 24.04.2021
1536
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда дегельминтизация ҳафталиги ўтказилди

19-24 апрел кунлари бутун Ўзбекистон ҳудудида, жумладан Хоразм вилоятида ҳам дегельминтизация жараёнининг 1-босқичи ўтказилди.

Дегельминтизация — аҳолини гельминтлар (паразит чувалчанглар) ва инвазион материаллардан (тухумлар, қуртлардан) соғломлантириш бўйича амалга ошириладиган даволаш-профилактика чоралари мажмуасидир.

Дегельминтизация ҳафталиги доирасида 2 ёшда 10 ёшгача бўлган болаларга «Мебендазол» юмшоқ таблеткалари тарқатилди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабарига кўра, ер юзи аҳолисининг 1/4 қисми гельминтозга чалинган. У паразитар касаллик бўлиб, болаларда паразитлик қилувчи чувалчанглар келтириб чиқаради. Паразитлик қилувчи қуртлар личинкалари тухум қўяди ва организмдаги озуқа маҳсулотлари ёрдамида кун кўради. Ер юзида жами 250 турдан ортиқ гельминтлар мавжуд бўлиб, улардан 9таси инсон организмида учрайди. Ҳозирда Ўзбекистонда паразитларнинг чувалчангсимонлари кўп тарқалган.

Хоразм вилояти санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати иммунопрофилактика бўлими мудири Ғайрат Қурбонов хабарига кўра, вилоятдаги 3 мингдан ортиқ болалар лаборатория усулида текширилганда, уларнинг 357 нафарида гижжа касаллиги борлиги аниқланган. Бу 2 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларнинг 12-14 фоизида мана шу касаллик тарқалганини англатади.

Вилоятда 2 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар сони жами 332 329 нафар бўлиб, Санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан уларни мебендазол таблеткалари билан таъминлаш кўзда тутилган. Бунинг учун барча туманлар тиббиёт участкалари ва оилавий поликлиникаларга дори воситаси тарқатилган.

Дегельминтизация жараёнининг 2-босқичи кузда давом эттирилади ва 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларни қамраб олади.