Пашиняннинг истеъфоси муддатидан олдинги парламент сайловлари ўтказилиши учун керак эди, сайловларни ўтказишга эса ўтган йил кузида Арманистон Тоғли Қорабоғдаги урушда мағлуб бўлиши ортидан зарурат юзага келганди.
Бугун Арманистон бош вазири Никол Пашинян Facebook орқали халққа мурожаат қилиб, истеъфо берганини эълон қилди.
«2020 йилда биз ҳалокатли воқеаларрни бошдан кечирдик, муаммолар сабаблари ва ечимлар ҳақида деярли ҳамма гапирди: сиёсий кучлар, ҳукумат аъзолари, зиёлилар, руҳонийлар, жамоат ташкилотлари. Энди халқ ўз сўзини айтиш ва ўтмишга ҳамда бугунга баҳо бериш ва келажак учун қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлиши керак. Бундай имконият ҳосил қилиш учун муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилади.
Президент ва сиёсий кучлар билан келишувга кўра, конституциявий низомларни амалга ошириш ва парламентни тарқатиб юбориш учун мен бугун истеъфо беряпман», дея Пашиняннинг сўзларини келтирган «Новости-Армения» агентлиги.
Мамлакат конституциясига кўра, бундай ҳолатда Арманистон ҳукумати ҳам тўлиқ таркибда истеъфо беради. Аммо ҳозирги ҳукумат янги ҳукумат шакллантирилгунча ўз вазифаларини бажаришда давом этади.
Пашинян парламентдаги мухолифат билан келишувга кўра, 20 июнь куни муддатидан олдинги парламент сайловлари ўтказмоқчи, у бу сайловларда ҳам ғолиб чиқишни кўзлаган - сўровлар унга ғалаба учун умид бермоқда.
«Апрелнинг охирги ўн кунлигида истеъфога чиқаман. Мен буни кетиш учун эмас, муддатидан олдинги сайловлар ўтказилиши учун қиламан. Мен бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида ишлашда давом этаман. Сайловларда сайловчилар ишонч билдиришса, мен мамлакатда янада яхшироқ хизмат қилишга ваъда бераман. Аммо агар фуқаролар бизни қўллаб-қувватлашмаса, биз сайланадиганларга ҳокимиятни топширамиз», деганди Пашинян 28 март куни мамлакат бўйлаб сафар давомида фуқаролар билан учрашувда.
Арманистон конституциясига кўра, муддатидан олдинги парламент сайлови ўтказилиши учун бош вазир истеъфо бериши, кейин парламент икки уринишда ҳам янги бош вазир номзодини тасдиқламаслиги керак. Пашинян, унинг раҳбарлигидаги «Менинг қадамим» партияси назоратидаги Миллий мажлис (парламент) ва президент Армен Саркисян айнан шу тартибга риоя қилмоқчи.
Ўтган йилнинг сентябр-ноябр ойларида 44 кун давом этган Қорабоғ урушида Озарбойжонга мағлуб бўлинганидан кейин Пашиняннинг мавқейига путур етганди.
Арманистон жамоатчилигининг бир қисми 9 ноябр кунги тинчлик келишувини мамлакат бош вазири томонидан халққа қилинган хиёнат деб ҳисоблайди.















