Жамият | 15:08 / 29.04.2021
2831
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда уйида гиёҳванд моддалар сақлаб келаётган шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида яшовчи шахснинг уйидан «Беломорканал» сигарети, уни чекиш учун мундштук, шунингдек, целлофан пакет ва қоғозларга ўралган гиёҳванд модда топилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, фуқаролардан бирининг мурожаатига асосан, 2021 йил 26 апрел куни Каттақўрғон шаҳар Оқ олтин маҳалласида яшовчи П.Б. шаҳар ИИБга олиб келиниб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, чўнтагида 2 дона оқ рангли қоғоз бўлакларига солинган марихуана борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Шундан сўнг, тергов-тезкор гуруҳи томонидан ушбу шахснинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, ётоқхонаси ва ертўласидан жами 11 дона пакетга ва 13 дона қоғоз бўлакларига солинган қуритилган ҳолдаги марихуана борлиги аниқланган. Бундан ташқари, унинг уйидан марихуана ўсимлиги уруғлари, «Беломорканал» номли сигаретлар, тамаки махсулотини истеъмол қилиш учун мўлжалланган мундштук аниқланиб, холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Самарқанд вилояти ИИБ эксперт-криминалистика бўлимининг маълумотномасида, ҳужжатлаштириб олинган гиёҳвандлик моддаларининг соф оғирлиги 50,5 граммга тенглиги кўрсатилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. П.Б. жиноят ишига гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланиб, Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган. Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид