«Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бўлажак муҳим саналар муносабати билан бир-бирини самимий табриклаб, эзгу тилаклар билдирдилар. Жорий йилда ХХРда Хитой Коммунистик партияси ташкил топганининг 100 йиллиги, мамлакатимизда эса Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонламоқда. Етакчилар дўст халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Мулоқотда икки томонлама ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
«Кейинги йилларда Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
ХХР раиси Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва янгиланишларни юқори баҳолади ва уларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Камбағалликка қарши курашиш бўйича Хитойда тўпланган катта тажрибани чуқур ўрганиш масаласида яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилган амалий ёрдам учун ХХР етакчисига самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон ва Хитойнинг ваколатли идора ва ташкилотлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаб, аҳолини оммавий эмлаш бўйича биргаликдаги самарали ишларни кенгайтирадилар», дейилади хабарда.
Ўзбекистон президенти «Ягона Хитой» сиёсатини ҳамда «уч ёвуз куч» – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаган.
«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги самарали мулоқот, шу жумладан минтақада муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни, улар қаторида «ХХР – Қирғизистон - Хитой» автомобиль ва темир йўлларини қуриш лойиҳасини илгари суриш ишлари давом этаётгани қайд этилди. Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича таклифи қўллаб-қувватланди.
Етакчилар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Мураккаб шароитларга қарамасдан, пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ва жорий йил бошидан ўзаро савдонинг 33 фоизга ўсишини таъминлашга эришилгани таъкидланди. Муҳим қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда. Мамлакатларимиз яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш, шунингдек, экспорт ва импорт кўрсаткичларининг мутаносиблигини таъминлаш сари муваффақиятли ҳаракат қилмоқдалар. Ўзбекистон Шанхай шаҳрида ўтадиган навбатдаги Импорт маҳсулотлари Хитой халқаро кўргазмасида фаол иштирок этади.














