11:11 / 29.04.2021
7596

Халқ таълими вазирлиги Чироқчида аёлларнинг мактаб биноси қурилиши учун йўл ёпиши ҳодисасига муносабат билдирди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Халқ таълими вазирлиги Чироқчида аёлларнинг мактаб биноси қурилиши учун йўл ёпиши ҳодисасига муносабат билдирди. Унда ёзилишича, Чироқчида ЙТҲ содир бўлган ҳудудда мактаб қурилиши бу йилги дастурга киритилган ва аввалроқ бундан аҳоли хабардор қилинган.

Муносабатда ёзилишича, президентнинг 2020 йилнинг 12–13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида ажратилган қўшимча маблағ ҳисобига мазкур ҳудудда 99-мактаб филиали ўрнига 176 ўринли тўлақонли мактаб янги ўқув йилигача қурилиши режага киритилган ва бу ҳақда ҳудуд аҳолиси хабардор қилинган. Айни дамда мактабнинг лойиҳа-смeта ҳужжатлари тайёр ва мактаб қурилиши бўйича тендерга қўйилган.

Қайд этилишича, янги мактаб қурилиши натижасида Истиқлол маҳалласининг болалари йўлни кесиб ўтмасдан ўзининг ҳудудидаги мактабга қатнаш имкони бўлади ва ушбу мактаб филиалига тўлақонли мактаб мақоми берилади.

«Фурсатдан фойдаланиб, азиз ота-оналардан фарзандингизни серқатнов йўллардан мактабга боришида назоратга олишингизни, ҳайдовчилардан эса пиёдалар йўлакчаларига яқинлашганда тезликни камайтириб, диққатни оширишни, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини сўраб қоламиз», дейилади вазирлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Қашқадарёнинг Чироқчи туманида А-378 «Самарқанд — Ғузор» автомобиль йўлидан Самарқанд томон ҳаракатланиб келаётган Isuzu юк машинаси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 7 ёшли қизчани уриб юборган. Оқибатда у вафот этган.

Маълум бўлишича, қизча қўшни қишлоқдаги мактабнинг тайёрлов гуруҳига бораётган бўлган. Шундан сўнг қизчанинг ҳамқишлоқлари бўлган бир гуруҳ аёллар ўзларида ҳам мактаб қуриб берилишини талаб қилиб, А-378 «Самарқанд — Ғузор» автомобиль йўлини тўсиб қўйган.

Шундан сўнг Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мазкур масалани ўз назоратига олганини маълум қилди.

Top