15:01 / 30.04.2021
5414

Мамлакатда 30 ёшгача бўлганлар 18 миллиондан зиёд, уларнинг 648 минг нафари ишсиз – Нозим Ҳусанов

АОКАда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатнинг 30 ёшгача бўлган фуқаролари ва уларнинг қанчаси ишсиз экани очиқланди.

«Маълумотларга кўра, мамлакатда 30 ёшгача бўлган ёшлар 18 миллион нафардан зиёд. Шундан 648 минг нафари ишсиз, «Ёшлар дафтари»га киритилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 283 минг ёшнинг бандлиги таъминланган.

Қарор билан тасдиқланган Давлат дастурида 2021 йилда 457 минг 400 та доимий янги иш ўрни яратиш назарда тутилган. Жумладан, биргина Тошкент шаҳрида 60 мингга яқин янги иш ўрни очилади.

Ҳужжатда айнан доимий иш ўринлари ҳақида сўз бормоқда. Чунки айрим жойларда иш жойлари яратилиб, бир-икки ойдан кейин ёпилиб кетиши кузатиляпти. Энди бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди. Янги очилаётган иш жойларини ёпиш учун жавобгарлик ва масъулият белгиланмоқда.

2021 йил 1 июлга қадар янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича ҳисоботларни юритиш, уларни реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялашган ахборот ресурс базаси орқали мониторинг қилишга мўлжалланган электрон дастур ишлаб чиқилади. Шунингдек, вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича янги тизим яратилади.

Шу билан бирга, “Барча учун иш” тамойили асосида 2021 йил 1 ноябрга қадар “Менинг ишим” буюртмалар биржаси онлайн майдони ишга туширилади», деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов.

Top