Самарқанддаги бозорда тарвузлар йўқ қилинаётгани акс этган видео тарқалди, расмийлар ҳолатга изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда бозор ҳудудида оқ халат кийган ходимлар томонидан қутилардаги кўплаб тарвузлар кесиб йўқ қилинаётгани акс этган видеотасвир тарқалди. Мазкур тасвирлар «Самарқанд бозорида Эрон тарвузини сотишга қўйишмаяпти» деган изоҳ билан тарқатилган.
Kun.uz тегишли ташкилотлар билан боғланиб, воқеага ойдинлик киритди.
Маълум бўлишича, бу ҳолат 28 апрел куни Самарқанд тумани, Оҳалик ҳалқа йўлидаги «Гулобод саховати агрологистика» савдо комплексида рўй берган. Халқ тилида бу мажмуа «Экобозор» ҳам дейилади.
Самарқанд туман ҳокимлиги ахборот хизмати тарвузларнинг йўқ қилинишига асосий сабаб — уларнинг истеъмол учун яроқсиз бўлганини маълум қилди. Маҳсулот бозор ветеринария ходимлари томонидан йўқ қилинган.
Савдо мажмуаси раҳбари ҳам ҳолатни тасдиқлади. Унинг айтишича, тарвузлар Эронда етиштирилган, уни Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаролар бозорга келтириб сотмоқчи бўлган. Аммо бозор ветеринария ходимлари томонидан текширилганда, маҳсулот таркибида меъёрдан ортиқ даражада нитрат моддаси борлиги аниқланган. Бундай маҳсулот истеъмол учун хавфли бўлгани боис, тегишли тартибда йўқ қилинган.
Самарқанд вилоят давлат санитария эпидемиология назорати маркази ахборот хизмати воқеада ДСЭНМ ходимлари иштирок этмагани, аммо бу каби ҳолатлар бозорларда учраши табиий ҳолат эканини айтди.
«Бозорларда ветеринария ходимлари томонидан ҳам маҳсулотлар таркиби текшириб борилади ва сифатсиз чиққан маҳсулотларни йўқ қилиш амалиёти олдиндан бор», дейилади ДСЭНМ маълумотида.
Мавзуга оид
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024