Жаҳон | 11:24 / 02.05.2021
20329
1 дақиқада ўқилади

Дубайда автомобил рақами рекорд нархга сотилди

Дубайда автомобил рақами учун тўланган пул бўйича жаҳон рекорди ўрнатилди. Амирликда ўтган хайрия аукционида AA9 рақами 39 млн дирҳамга (10 млн доллардан кўпроқ) сотилди.

“Мен шайх Муҳаммадга (Дубай амири) ушбу хайрия дастурининг бир қисми бўлиш имкониятини тақдим қилгани учун катта раҳмат айтмоқчиман”, деб айтган рақам соҳиби. У номаълум бўлиб қолишни истаган.

Аукционда сотилган автомобил рақамлари учун жами 48,5 млн дирҳам (13 млн доллардан кўпроқ) олинган. Шунингдек, унда U31, T38 ва E51 рақамлари сотилган. Кимошди савдоси иштирокчилари орасида Дубай амири Муҳаммад бин Рошид Ол Мақтум ҳам бўлган.

Рамазон ойи бошланиши олдидан Дубайда эҳтиёжмандларга 100 млн порция егулик тарқатилиши эълон қилинганди. Кимошди савдосидан олинган пулларнинг бир қисми ушбу мақсад учун йўналтирилади.

Автомобил рақами нархи бўйича аввалги рекорд ҳам Дубайда ўрнатилганди: 2016 йилда D5 рақами 33 млн дирҳамга (9 млн доллар) сотилган.

Мавзуга оид