Бу ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз миссияси бўлади. Дунёга келишдан асосий мақсадини англаб олган инсон умри давомида инсониятга фойдаси тегадиган ишлар қила олади. Тўғри йўлдан адашганлар эса синовларга дош беролмай, қайта-қайта хато қилаверади. Зангиота туманидаги 24-сон аёллар жазосини ижро этиш муассасасидаги маҳкумалар билан гаплашиб, шу каби ҳаётий хулосаларни олиш мумкин. «Маҳкума» лойиҳасининг навбатдаги сонида ҳаётда адашиб, муҳим хулосаларга эга бўлган аёлнинг тақдири ҳикоя қилинади.

«Мудҳиш хатога йўл қўйдим»

17 ёшимда турмушга чиққанман. Турмуш ўртоғим билан 3 кун яшаганман, автоҳалокатга учраб, вафот этган. Қизлик уйимга қайтиб борганман. Отам бошқа аёлга уйланган эди. Ўз онам анча йиллар олдин вафот этганди, уни кўрмаганман. Уйга қайтганимдан бироз вақт ўтиб, ўғил фарзанд кўрдим. Ўгай онамнинг асоссиз жанжаллари туфайли уйни ташлаб кетганман. У дадамнинг учинчи хотини бўлган. Туғишган онам дадамнинг биринчи аёли бўлган. Иккинчи марта оила қургач, отам қамалиб кетди. Иккинчи онам кетиб қолган. Қамоқдан чиққач, учинчи марта уйланди.

Учинчи онамнинг қилиқларини кўтаролмай, уйдан чиқиб кетдим. Боламниям олиб кетмоқчи бўлдим, аммо ўгай онам бермади. Ёлғиз ўзим кетдим. Бу орада бир аёл билан танишдим. У Ўзбекистонда сенга ресторандан иш топиб бераман, пул топиб, болангга жўнатасан, деди.

Ўшанда менинг паспортим йўқ эди, фақат туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бор эди, холос. Эрталаб соат 6:30да Бекободдаги Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтдик. Кўприк тагидан ўтиб кетдик. 

Сирдарёнинг Ширин шаҳрига етиб бордик. Ўша пайтлари қишлоқнинг содда қизи бўлганман, ким нима деса ишониб кетаверганман. Бир уйга келдик, қизлар жуда кўп экан. Қизлар кириб-чиқиб, ўша ердаги Жамила исмли аёлга пул санаб беришган ҳолатларини кўриб, ҳеч нимани тушунмаганман. Жамила опа олдимга келиб, менга яхши муомала қила бошлади. Унга бошимдан ўтган барча воқеаларни айтиб берганман. Улар менинг соддалигимдан фойдаланишди. 

Жамила опага бу ерга ресторанда ишлаш учун келганимни, тезроқ пул топиб боламга олиб боришим кераклигини айтган заҳотим, атрофимдаги қизлар кулиб юборишди. Жамила опа «Қанақа ресторан? Сен бу ерга фоҳишаликка келгансан», деб айтди. Ўша пайти жойимда қотиб, музлаб қолдим. «Дадам одам ўлдиргани учун қамалиб чиққан. Бу ишим учун мени соғ қўймайди. Ҳеч қачон бу ишни қилмайман», дедим. Қилмаган ишимни барибир қилдим. Ҳозиргача ўйлайман: шу йўлга кирмаганимда, қамалмаган бўлардим.