Ижтимоий тармоқларда оммалашиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган репортажда ҳужжат лойиҳасидаги давлат тилининг қўлланилиши билан боғлиқ 12-модда муҳокамаси баҳсли ўтганини кўриш мумкин.
Лойиҳанинг 12-моддасида нима дейилган?
Модданинг «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилган таҳририда:
- жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
- бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шартлиги;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилиниши назарда тутилган.
Модданинг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таклиф қилинаётган таҳририда эса:
- Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилиниши назарда тутилган.
Бу модданинг «Миллий тикланиш» таклиф этган таҳририда давлат тили мавқейини кўтаришга қаратилган қоидалар белгиланган. Қўмита илгари сурган вариантда эса давлат тилини ривожлантириш эмас, унинг шу пайтгача бўлиб келган беқадрлигини янада мустаҳкамлайдиган қоидалар акс этган.
«Бизнинг таҳриримиз бўйича давлат ташкилотларига ҳамма ўз тилида мурожаат қилиши мумкин, яъни давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Лекин шу мурожаатга унинг давлат тилидаги матни ҳам илова қилиниши шарт.
Шунингдек, давлат органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларига фақатгина давлат тилида жавоб қайтарилиши керак, «мумкин қадар» деган жумлалар – бу ҳеч нарсани белгилаб бераётгани йўқ. Биз бу билан фақатгина мавҳум хусусиятларни пайдо қилиб қўйяпмиз», – дейди Миллий тикланиш партияси лидери Алишер Қодиров партия томонидан киритилаётган таклифга изоҳ бериб.















