Ўзбекистон | 14:53 / 04.05.2021
6359
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар Сайлов кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди

2021 йил 4 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган — “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексининг 11та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни туман (шаҳар) ҳокимликларини камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ўтказиш, бунда, ушбу тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслиги, сайловчилар партияни ёхуд Ўзбекистон президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйганда маълумотномада идентификация ID-картаси серияси ва тартиб рақамини киритиш каби нормалар билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, лойиҳа билан сайлов комиссиялари ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилиши, Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси 11-18 нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши таклиф этилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Мавзуга оид