18:29 / 05.05.2021
21826

Андижон шаҳри ҳокими президент қарорига зид равишда ер ажратиш бўйича қарор чиқарди. Маҳаллий кенгаш уни кворумсиз тасдиқлаб юборган

Ер майдони аукцион орқали олиниши керак эди, лекин ҳоким Баҳром Ҳайдаровнинг қарори билан, таъсис этилганига энди 1 ой бўлган фирмага шаҳар марказидан 14 сотих ер участкаси тўғридан тўғри бериб юборилган. Бу ерда қурилиш қилиш Шаҳарсозлик кодекси ва Андижон шаҳар бош режасига зидлиги ҳақида хулоса бор.

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жияновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кенгашнинг 2021 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган 19-сессиясида шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровнинг шаҳарнинг Янги бозор ҳудудида «ELEVADA UT GROUP» МЧЖ томонидан 5 қаватли бино қуриш, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлашга рухсат бериш тўғриси»даги қарори кўпчилик депутатлар томонидан тасдиқланган.

Жаҳонгир Жияновнинг сўзларига кўра, кенгаш аъзолари 2019 йил 26 август куни қабул қилинган 4427-сонли президент қарорига зид эканини била туриб, қарорни қабул қилишган.

Жаҳонгир Жиянов - Андижон шаҳар кенгаши депутати

Аслида президент қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида онлайн-аукцион орқали берилиши белгиланган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш юзасидан Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Андижон вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига депутатлик сўрови ҳам юборилган. Сўровга жавобан инспекция Андижон шаҳар ҳокими қарори билан кенгаш тасдиғига киритилган ушбу қурилиш ноқонуний ва Шаҳарсозлик кодексига зид эканини маълум қилинган.

Бундан ташқари, қурилиш Андижон шаҳар бош режасига зид бўлиб, режада қурилиш ўрнида кўча ва аҳоли уй-жойлари бўлиши кўрсатилган.

Шунингдек, Андижон шаҳар ҳокимлиги кенгашнинг 13-сессиясини аввалроқ, шу йилнинг 16 апрель куни Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 154-II-сонли қарорига зид равишда депутатларга кун тартибида кўриб чиқиладиган масалалар билан танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатларни ҳам юбормасдан ўтказиб юбормоқчи бўлган.

Кейинчалик шаҳар ҳокимлигининг бу қарори бекор қилинган ва сессия 1 майга кўчирилган.

Депутатнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 1 май куни бўлиб ўтган сессияга Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров шахсан раҳбарлик қилган. Сессияда жами 30 депутатдан 18 нафари қатнашган ва ҳоким қарори кўпчилик овоз билан тасдиқланган.

«Сессияда қатнашган депутатлардан фақат мен ва яна 3 киши бу қарор ноқонунийлигини, президент қарори, Шаҳарсозлик кодекси ва Андижон шаҳар бош режасига зидлигини айтдик. Ҳоким эса мен сизларга таклиф киритдим, хоҳласангиз тасдиқланг деди. Ҳоким ва қолган 14 нафар депутатнинг розилиги билан ушбу ноқонуний қарор тасдиқланди.

Аслида бу ҳолат ҳам қонунчиликка зид, чунки Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 154-II-сонли қарорига илова қилинган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг Намунавий регламенти 13-моддасига кўра, агар сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлсагина, у ваколатли ҳисобланади. Сессияда эса 30 нафар депутатдан 18 нафари қатнашган, холос.

Тушунаман, қолган кўпчилик депутатлар ҳокимга бўйсунадиган ташкилот раҳбарлари, улар эртага ҳоким олдида туришдан қўрқади. Агар сессияда ҳокимнинг ўзи қатнашмаганида, балки бу қарор тасдиқланмаган бўлармиди…» – дейди Жаҳонгир Жиянов.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокими қарори асосида 5 қаватли бино қуриш учун ер ажратиб берилаётган шубҳали корхона «ELEVADA UT GROUP» МЧЖ ҳақида очиқ манбаларда ҳам, ҳаттоки глобал қидирув тизимида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

Kun.uz манбаларининг хабар беришича, корхона атиги бир ой аввал, яъни 2021 йил 1 апрель куни 14 миллион 300 минг сўм устав фонди билан ташкил қилинган. Жамият таъсисчилари Эргашев Ўткирбек Расулжонович (69,9 фоиз) ва Анваров Акбаржон Акромжон ўғли (30,1 фоиз) ҳисобланади.

Вазиятга изоҳ олиш учун Андижон шаҳар ҳокимлиги билан телефон орқали боғланганимизда етарли маълумот олишнинг имкони бўлмади. Масъуллар эса чиндан ҳам шундай қарор мавжудлиги, агар депутат Жаҳонгир Жиянов ҳокимликка келса, унга қарор асослари кўрсатиб берилишини айтиш билан чекланишди.

Шундан сўнг ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида Андижон шаҳар ҳокимлигига борган Kun.uz мухбирига ҳам қарор нусхаси ва унга тегишли бирорта ҳужжат кўрсатиб берилмади.

Биз билан телефон орқали мулоқот қилган шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари барча маълумотларни қурилиш бўлимидагилар тақдим этишини, ўзи эса бандлигини айтди. Қурилиш бўлими бош мутахассиси Баҳромжон Солиев эса ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Кўриб турганингиздек, шаҳар ҳокими қонунга ва шаҳарсозлик талабларига зид равишда яқиндагина ташкил этилган фирмага ер ажратиб берган. Қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Коррупция аломатлари яққол кўриниб турган ушбу масалани Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва прокуратура ўрганиб чиқиши мақсадга мувофиқ.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top