Ўзбекистон | 14:50 / 05.05.2021
2980
3 дақиқада ўқилади

Андижонда энг кўп қонунбузилишига йўл қўйган давлат хизмати кўрсатувчи ташкилотлар номи маълум қилинди

Олтинкўл туман Давлат хизматлари марказида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг шаҳар, туманлардаги тизимлари томонидан 2021 йилнинг 4 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

2021 йилнинг 4 ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларга вилоятдаги Давлат хизматлари марказлари томонидан 240 мингга яқин хизмат кўрсатилган бўлиб, уларнинг 182 416 таси бўйича шахсан, 10286 таси эса интернет орқали қабул қилинган.

Энг кўп мурожаатлар болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш, Жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификацион рақамини олиш ва аниқлаш, руҳий касаллик ҳисобида туриш ёки турмаслик ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумот олиш бўйича келиб тушган. 4 ой давомида 5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган бўлиб, шундан 6 таси хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ҳисобланади. 

Қайд этиш лозим, ўтган давр мобайнида бошқарманинг Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъуллари томонидан 5653та қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилгани аниқланган. Уларнинг 5291таси муддатни бузиш, 215таси тўғридан тўғри хизмат кўрсатиш, 9таси асоссиз рад қилиш ва 138таси бошқа тусдаги қонунбузилишларни ташкил қилган. 

«Аниқланган ҳолатлар юзасидан 113 та ёзма огоҳлантириш ва 8 та тақдимнома киритилган, — дейди бошқарма бўлим бошлиғи Султонбек Исақов. — Давлат хизмат кўрсатувчи ташкилотларининг 83 нафар мансабдор ва масъул ходимига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жазога тортилган. Яна 19 нафар ходимга нисбатан эса интизомий таъсир чоралари қўлланилган».

Давлат хизматларини кўрсатишдаги ноқонуний ҳаракатлар бўйича биринчи учликдан 1827та ҳолат билан соғлиқни сақлаш муассасалари, 1320 та ҳолат билан «Ўзбекэнерго» АЖ тизими корхоналари, 1208та ҳолатда сув таъминоти, канализация ташкилотлари ҳамда 618та қонунбузилиш ҳолати билан Кадастр агентлиги тизими идоралари жой олган.

Мавзуга оид