Kun.uz таҳририятига Фарғона вилоятининг Данғара тумани, Санам маҳалласи Эски Шилдир қишлоғи аҳли ишламаётган болалар боғчаси борасида таҳририятимизга мурожаат тушди. Қишлоқдаги 13-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирдан чиқарилган бўлса-да, ҳамон фаолият бошламаяпти.

Айтилган болалар боғчасига бориб гувоҳ бўлдикки, чиндан ҳам боғча капитал таъмирдан чиқарилган бўлиб, у замонавий ва кўркам қиёфа касб этган.

Таълим муассасаси мудирасини ўз иш жойидан топа олмадик. Кейинчалик маълум бўлишича, раҳбар туманда ўтаётган амалий семинарда иштирок этаётган экан.

Бизни муассаса ҳовлисида кутиб олган мурожаатчилар номидан вакил, шу қишлоқда истиқомат қилувчи Саиджон Исмоилов бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

«Қишлоғимиздаги ушбу боғчани қуриш ишлари 2020 йилни бошларида бошланиб, октябр ойларида якунига етган. Очилиш маросими бўлиши керак эди, бироқ ойдан-ойга сурилиб келяпти. Сўраб-суриштирдик, билсак — қурилишга ажратилган маблағ тўлиқ ўтказдириб берилмаганлиги сабабли, боғчага ўрнатиладиган подстанция ва қоровулхонанинг қурилиши битмабди. Ҳозир подстанцияни олиб келиб беришди. Энди устунларга қараб турибмиз. 15 апрел куни очилиш маросими қилиш керак. Халқ болаларимиз қачон боғчага қабул қилинади, деб кўп талаб қилмоқда».

Саиджон Исмоиловнинг билдиришича, мактабгача таълим муассасасига ўрнатилиши керак бўлган трансформатор учун олти дона таянч устунлари керак бўлмоқда.

Қолаверса, боғча қоровулхонасини қурилиши ҳамон бошланмаган. Уни ҳам тезлаштириш керак. Бу борада маҳалла аҳли тегишли давлат идораларига — туман ҳокимлиги, туман мактабгача таълим бўлимига мурожаат қилган бироқ ушбу идоралар фуқароларнинг ёзма мурожаатларига умуман жавоб қайтармаган. Ҳудуд туман прокурорининг секторига киради. Аҳоли прокурорга ҳам мурожаат қилган. Сектор раҳбарияти ҳам ҳар сафар одамларни «қилинади», дея ортга қайтаради.