Ярим тунда телефоним жиринглади, куни билан оғир меҳнат қилганимиз сабаб уйқудан кўзимни оча олмадим, сал нарида турган телефонга қўлимни узатишга ҳолим йўқ. Куни билан перфораторда бетон деворни қулатган эдик, ёнимдаги шерикларим бошқа ишлар билан банд бўлганлиги учун асосан ўзим ишлатдим катта перфораторни.

Эрталабдан кечгача тўхтамай перфораторда ишлаш ҳамма жойингни вибрация қилгандек тўкиб ташлайди.

Телефон яна ёқимли мусиқа чала бошлади.

Иложсиз олдим, аввал соатга қарадим, энди тунги ўн иккидан ўтибди.

– Алло, ким бу? – дедим салом ҳам демасдан, ярим тунда безовта қилаётганидан оғринганимни билдириш учун.

– Алло, ассалому алайкум, Бахтиёр ака бу менман.

– Дониёр, сенмисан? Нима гап, тинчмисизлар?

Бу бола ўзимизнинг қишлоқдан, бизларга қўшни бўлади. Москвада қайсидир қурилиш фирмасида ишлар эди, ҳар-ҳар замонда хабарлашиб турардик.

– Ака, мазам бўлмаяпти, бу жойда ёта олмаяпман. Ёнларингизга борсам бўладими?

– Хўп, бемалол ука, келавер, манзилни биласан. Аммо ҳозир кеч бўлиб кетди, ҳадемай метролар ҳам ёпилади. Сен бирорта такси чақир, пулини ўзим бераман. Нима бўлди ўзи? Бунча шовқин атрофларинг, нега мазанг бўлмаяпти, жанжал бўлдими?

– Ака, ачиб кетган овқат еганмиз, жуда кўпчилик. Қорним оғрияпти, бир менмас қолганлар ҳам оғриган. Бир ёши катта одам хонасида вой-войлаб ётиб, ўлиб қолди.

– Ия, чатоқ бўлибди-ку. Сен тезроқ такси чақириб ёнимизга кел. Ўзим дори керак бўлса топиб бераман, – дедим-у, телефонни ўчирдим.

Чарчоқ устун келиб, кўзларим юмилиб кетаётган эди. Бир оз ётдим. Шу бир оз деганим ҳам йигирма дақиқадан ўтган экан. Кимдир бошимга ургандек уйқум очилиб кетди, миям тиниқ ишлай бошлади.

"Овқатдан заҳарландик дедими, кўпчилик экан, бир киши вафот этди, деди. Нимага тез ёрдам чақирмаган, нималар бўляпти? Бир ватандошинг вафот этди, деса, мен бемалол ухлаб ётишимни қара". Хаёлларим чалкашиб кетди.

Жойимдан тез турдим-у, бориб юзимни ювдим. Кейин дуо қилдим. "Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!"

Дониёрга телефон қилдим.

– Алло, келяпсанми? Нима гаплар тўлиқроқ айт-чи? Нега дўхтирга бормадинглар, ёки тез ёрдам чақирмадинглар? Бир киши ўлгунча атрофдагилар қараб ўтиришдими?