Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 255-сон қарори билан ҳукуматнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда бошқа тушунчалар қаторида, унда қўлланилган қуйидаги асосий тушунчаларга ҳам таъриф берилган:

  • шахсга доир маълумотлар – муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот;
  • шахсга доир маълумотларга ишлов бериш – шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир ҳаракатни ёки ҳаракатлар мажмуини амалга ошириш;
  • шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри – Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш алоҳида шартларига риоя этмаган шахсга доир маълумотлар базаси мулкдорлари ва (ёки) операторлари рўйхати.

Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш алоҳида шартларига риоя этилиши деганда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилиши, тизимлаштирилиш ва сақланишига оид шартларга риоя этиш мажбурияти тушунилади.

Шахсга доир маълумотлар базаси оператори – шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс. Шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори – шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс.

Белгиланишича, Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон тармоғида ишлов бериш алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назорати Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.